18:17 / 30.04.2020
39887
Самарқандда карантинда бўлиб қайтган аёл Чирчиқда қотиллик қурбонига айланди

26 апрель куни Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрининг 3-кичик туманида яшаган аёл К.М. ўз уйида жонсиз ҳолда топилди. Унинг мурдаси уйнинг ювиниш хонасида ташқи кўринишидан енгил тан жароҳатлари билан топилган.

Олиб борилган тергов-тезкор ҳаракатлар натижасида 1994 йилда туғилган К.М. шу йилнинг 25 март куни Қозоғистондан қайтиб келгани ва 14 кун мобайнида Самарқанд вилоятида карантинга олингани маълум бўлган. Шу сабабли, у Covid-19 инфекциясидан вафот этгани гумон қилиниб, шаҳар ДСЭОМ ходимлари томонидан намуналар олинган. Текширувлар натижасида К.М.да Covid-19 инфекцияси аниқланмаган. Шундан сўнг, 28 апрель куни унинг ўлими юзасидан судга оид тиббиёт экспертизаси тайинланган. 

Судга оид тиббиёт экспертизасининг дастлабки маълумотномасига кўра, К.М.нинг ўлимига бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия энса соҳаси юмшоқ пардаси остига қон қуйилиши, бош энса ва ён соҳалари тери ости қон қуйилиши сабаб бўлгани кўрсатилган.

Бош прокуратура матбуот хизмати Kun.uz’га хабар беришича, суриштирув ишлари натижасида 23 апрель куни соат 23:00 ларда К.М.нинг хонадонига таниши Р.Х. (1998 й.т., судланган) келиб, улар бирга спиртли ичимликлар ичган, ўрталарида келиб чиққан келишмовчилик оқибатида Р.Х. К.М.нинг бўйин соҳасини бўғиб, бош қисмини ерга уриб, тан жароҳати етказгани, оқибатда К.М вафот этгани, Р.Х. унинг мурдасини ювиниш хонасига олиб кириб ваннага солгани, лекин у ўзига келмагани сабабли унинг уйидан SamsungJ7 русумли телефонини олиб, воқеа жойидан яширингани аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан 29 апрель куни шаҳар прокуратураси томонидан Р.Х.га нисбатан ЖКнинг 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Айни вақтда Р.Х ушланган.

Top