17:28 / 30.04.2020
20327
Ўзбекистонда коронавирусдан тузалганлар сони 1100дан ошди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкент шаҳридаги тиббиёт муассасаларида яна 7 бемор коронавирусдан соғайгани тўғрисида маълум қилди. Эндиликда Ўзбекистонда ушбу касалликдан тузалганлар сони 1100дан ошган.

«Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасидан 6 нафар, шаҳар 3-сонли туғруқ мажмуасидан 1 нафар бемор, жами 7 нафар бемор бутунлай  соғайди. Улар Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари  иштирокида Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказига кузатилди.

Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасида соғайганларнинг 3 нафари Тошкент шаҳридан, Бухоро, Андижон ва Тошкент вилоятларидан 1 нафардан. Уларнинг 2 нафари Россиядан, 1 нафари Туркиядан келган ва карантинга олинган. Касаллик аниқлангач, ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида мазкур клиникага ётқизилган. Қолган 3 нафари эса коронавирус инфекциясига чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, касалликни юқтириб олган. Уларнинг 3 нафари эркак, 3 нафари аёл бўлиб, энг ёши каттаси 54 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 20 ёшда. 

Шаҳар 3-сонли туғруқ мажмуасида тузалган 29 ёшли ҳомиладор аёл Тошкент шаҳридан бўлиб, жорий йил 26 март куни Туркиядан чартер рейс билан келган ва карантинга олинган. Касаллик аниқлангач, мазкур туғруқ мажмуасига ётқизилган. Сўнгги текширувлар унда инфекция йўқлигини кўрсатди, ҳомиласи эса ривожланиш босқичида», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Тошкент шаҳрида шу пайтга қадар 350 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 357 нафарга етди. 

  • 30 апрель ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирусдан зарарланиш ҳолатлари сони 2017тага етган, шундан 9 бемор вафот этган, жами 1103 киши тузалган, айни вақтда 905 киши шифохоналарда қолмоқда.
Top