00:04 / 01.05.2020
13043
Трамп Саудия Арабистонига нефть бўйича ултиматум қўйган - Reuters

АҚШ президенти Дональд Трамп Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан 2 апрелда ўтган телефон мулоқотида ОПЕК+ давлатлари нефть олиш ҳажмини қисқартирмаса, АҚШ ўз қўшинларини подшоҳликдан олиб чиқишга мажбур бўлишини айтган.

Фото: AP /Alex Brandon

Бу ҳақда Reuters ахборот агентлиги ўз манбаларига таяниб хабар берди. 

Манбалар маълумотларига кўра, валиаҳд шаҳзода унга қўйилган ултиматумдан шунчалик ажабланганки, Трамп билан бу масалани ёлғиз муҳокама қилиш учун ўз ёрдамчиларидан хонадан чиқиб туришни сўраган. Саудия Арабистони раҳбариятига нефть қазиб олиш ҳажмини қисқартирмасдан, АҚШ президенти маъмурияти “конгрессга подшоҳликка қарши чекловлар киритишга халақит қила олмаслиги”, бу эса ўз ортидан АҚШ қўшинларининг олиб чиқилишини келтириб чиқариши мумкинлиги етказиб қўйилган. 

Март охирида республикачи сенаторлар Кевин Крамер ва Дэн Салливан Ар-Риёднинг нефть соҳасидаги ҳаракатлари сабабли АҚШнинг Саудия Арабистонига ҳарбий ёрдамини тўхтатиш ва подшоҳликдан қўшинлар олиб чиқилиши таклиф қилинган қонун лойиҳасини конгрессга муҳокама учун киритишган. 

Трамп Reuters’нинг у Саудия раҳбариятига шундай ултиматум қўйгани ҳақидаги саволига жавобан “у буни айтмаслиги кераклигини”, чунки валиаҳд шаҳзода шундоқ ҳам нефтга паст нархлар сабабли “муаммолар ҳис қилаётганини англаганини” айтган. Ўз навбатида АҚШ энергетика вазири Дэн Бруйетт Reuters’га интервьюсида Вашингтон америкалик ишлаб чиқарувчиларни ҳимоялаш учун ҳар қандай воситаларни қўллаш ҳуқуқига эгалигини, жумладан ҳарбий ёрдам кўрсатилишини бир қатор талаблар бажарилишига боғлаши мумкинлигини айтган. 

ОПЕК+ давлатлари 12 апрелдаги тезкор видеоанжуманда нефть олиш ҳажмини қисқартириш бўйича келишувга эришганди. Бу келишув май-июнда нефть олиш ҳажмини кунига 9,7 млн, июль-декабрда 7,7 млн, 2021 йил январь-2022 йил апрелда 8,8 млн баррелга қисқартиришни кўзда тутади.

Келишувга кўра, нефть бозоридаги энг йирик иштирокчилар - Саудия Арабистони ва Россия нефть олиш ҳажмини 2,5 млн баррелдан, бошқа иштирокчилар эса 2018 йил октябрдаги даражада қисқартиради.

 

Top