08:50 / 03.05.2020
56958
Жанубий ва Шимолий Корея чегарасида отишма юз берди 

Жанубий ва Шимолий Корея чегарасида отишма юз берди. Воқеа оқибатида жабрланувчилар бўлмаган.

Фото: AFP

Бу ҳақда Жанубий Корея штаблари бошлиқлари бирлашган қўмитасига таяниб “Рёнхап” ахборот агентлиги хабар берди. 

Воқеа маҳаллий вақт билан 3 май соат 07.41да юз берган. Жанубий кореялик ҳарбийларнинг таъкидлашича, Шимол биринчи бўлиб ўқ узган.

“Демаркация чизиғининг марказий қисмидан Жанубий Кореядаги кузатув пости томон бир нечта ўқ узилган”, деб маълум қилинган Жанубий Кореяда. 

Шундан кейин жанублик ҳарбийлар йўриқномага биноан, радиокарнай орқали бир нечта огоҳлантириш қилган ва Шимолий Корея томон иккита огоҳлантирувчи ўқ узган.

Воқеа оқибатида моддий зарар ва жароҳатланганлар бўлмаган.

Маълум қилинишича, жанублик ҳарбийлар шай ҳолатга келтирилган. Таъкидланишича, икки давлат ўртасидаги ҳарбий линия орқали воқеа тафсилотлари аниқлаштирилмоқда ва бундай воқеалар яна юз беришига йўл қўймаслик учун барча чоралар кўрилмоқда.

Таъкидлаш жоиз, отишма Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин унинг оғир аҳволдалиги ёки ҳаттоки ўлгани ҳақидаги гаплардан кейин 20 кун ичида биринчи марта омма олдида кўриниш берганининг эртасига юз берди. 

Корея яримороли расман уруш ҳолатида ҳисобланади, чунки 1950-1953 йиллардаги Корейс уруши тинчлик сулҳи тузиш билан эмас, балки ярашув ҳақидаги келишув имзоланиши билан тугаган. Икки давлат ўртасидаги қуролсизлаштирилган ҳудуд 38-параллел бўйлаб ўтиб, яриморолни деярли иккита тенг қисмга бўлади.

Сеул ва Пхеньян ўртасида 2018 йилдан бери илиқлик кузатилаётганди. Икки давлат спортчилари ҳаттоки Олимпиадада биргаликда иштирок этган. Шунингдек, икки давлат етакчилари ўртасида тарихда илк бор учрашув бўлиб ўтган. 2018 йил сентябрда Жанубий Корея президенти Мун Чжэ Ин ва Ким Чен Ин ўртасидаги 3-учрашувда ўзаро адоватнинг тўхтатилишини кўзда тутувчи келишув имзоланган. Бироқ 2019 йил ноябрда Жанубий Корея мудофаа вазирлиги Шимолий Корея Сариқ денгизда артиллерия отишмаларини ўтказгач, Шимолни ҳарбий келишувни бузганликда айблаган.  

Top