21:04 / 05.05.2020
4831
Хитой бортида янги авлоддаги фазовий кема бўлган ракетани учирди

Хитойнинг Хайнань оролидаги Вэньчан космодромидан энг янги “Чанчжэн-5 B” (CZ-5B) ракетаси фазога учирилди. Маълум қилинишича, парвоз муваффақиятли кечган.

Фото: CCTV

Бу ҳақда CGTN телеканали хабар берди. Бу парвоз CZ-5 ракетасининг паст орбитага фойдали юкни чиқариш учун мўлжалланган модификациясининг илк парвози ҳисобланади.

Бу турдаги ракета биринчи марта 2016 йил ноябрда учирилган. Ҳаммаси бўлиб CZ-5 ракетаси уч марта фазога учирилган, улардан иккитаси муваффақиятли ўтган. Ракета охирги марта 2019 йил декабрда учирилган. 

Ҳозир ракетага янги авлоддаги фазовий кеманинг тажрибавий нусхаси ўрнатилган. У фазогирлар яшайдиган капсула ва хизмат модулидан иборат.

Жорий парвознинг 488-сониясида экипажсиз бўлган фазовий кема ракетадан ажралиб, белгиланган орбитага чиққан.

Кема фазогирларни орбитал станцияга етказишга мўлжалланган. У 6 нафаргача фазогирни таший олади. Лойиҳага кўра, кема оғирлиги версиясига боғлиқ ҳолда 14 тоннадан 20 тоннагача келади.

Ушбу миссия шуниси билан эътиборлики, бу нафақат энг янги "Чанчжэн-5B" ракетасининг илк парвози, балки янги бошқарилувчи кема прототипининг илк синов парвози ҳамдир. 

“Чанчжэн-5B” Хитойнинг Ой атрофида парвоз қилувчи коинот станциясига модулларни етказиш учун қўлланиши режалаштирилган.

Умуман олганда, Хитой 2003 йилдан бери фазога 6 та “Шэньчжоу” кемаси ва иккита “Тяньгун” орбитал станциясини учирган. Орбитада Хитойнинг 11 нафар тайкунавти бўлиб қайтган.

CZ-5 оғир ракетасини Хитойнинг бўлғуси орбитал станцияси компонентларини орбитага етказиш ва автоматик станцияларнинг Ой ва Марсга парвозлари учун қўллаш режалаштирилган.

Ракетанинг CZ-5B версияси паст орбитага 25 тоннагача фойдали юкни олиб чиқишга мўлжалланган. Унинг парвоз массаси 837 тоннани, узунлиги 53,7 метрни ва диаметри 3,35 метрни ташкил қилади.

Top