20:43 / 14.05.2020
7027
Коронавирус пандемияси меҳмонхона бизнесига қандай таъсир кўрсатди?

Hilton тармоғи биринчи чоракда 1,9 млрд доллар даромад кўрганини, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 13 фоизга кам эканлигини маълум қилди. Компаниянинг соф даромади 158 млн доллардан 18 млн долларга тушиб қолган.

Коронавирус пандемияси келтириб чиқарган глобал карантин меҳмонхона бизнесига қақшатқич зарба берди. АҚШдаги меҳмонхоналарнинг ҳар ўнта хонасидан еттитаси бўм-бўш турибди, соҳа 4 млн иш ўрни ва 21 млрд доллар даромаддан айрилди.

«Ходимларнинг ярмидан кўпини ишдан бўшатишга мажбур бўлдим ва яқин орада янада кўпроқ ходимларни йўқотаман, — дейди Лос-анжелеслик отельер Марко Шерер. — Гап шундаки, барча нуқталарни ёпишимизга тўғри келяпти — ҳозирда мижозларнинг меҳмонхонада қолишлари учун сабаб йўқ».

Мамлакатнинг нариги бурчаги — Виржиния штатидаги Стонтон шаҳридагилар ҳам шу фикрда. Маҳаллий отельер Лина Патель ўзига тегишли икки меҳмонхонада мижозлар сони ва даромад камаяётгани, иш ўринлари қисқараётганини кузатаётганини айтди.

Hilton бош директори Кристофер Нассеттанинг сўзларига кўра, тикланишга анча вақт кетади.

«Тўлиқ тикланиш анча вақтни олади. Меҳмонхоналарга 2019 йилдаги талаб даражасига қайтиш учун бир неча йил керак бўлиши мумкин», — деди у.

Forbes Global 2000 рейтингида 795-ўринда турувчи Hilton тармоғи биринчи чоракда 1,9 млрд доллар даромад кўрганини, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 13 фоизга кам эканлигини маълум қилди. Компаниянинг соф даромади 158 млн доллардан 18 млн долларга тушиб қолган.

«COVID-19 бизнинг соҳамиз илгари ҳеч қачон дуч келмаган муаммоларни келтириб чиқарди», — деди Нассетта.

Бошқа йирик тармоқлар, жумладан Global 2000 рўйхатида 458-ўринда қайд этилган Marriott ва 1946-ўриндаги Hyatt ҳам карантин уларга салбий таъсир кўрсатганини қайд этди.

«COVID-19 11 сентябрь воқеалари ва 2009 йилдаги молиявий инқирознинг биргаликдаги таъсиридан ҳам кучлироқ ва кутилмаган зарба берди», — деди Marriott бош директори Арне Соренсон. Аввалги инқирозларнинг энг оғир чорагида Marriott даромади 25 фоизга камайган бўлса, ҳозирда 75 фоизга қисқарди.

«92 йилдан бери мавжуд бўлган ва Буюк тушкунлик, Иккинчи жаҳон уруши ҳамда дунёдаги кўплаб табиий офатлардан омон қолган компания учун бу оғир», — деб таъкидлади Соренсон.

Ўз навбатида Hyatt даромад 20 фоизга камайгани ва 103 млн доллар зарар кўрганини маълум қилди. Компания бош директори Марк Хопламазян тармоқдаги меҳмонхоналарнинг учдан бири фаолиятини тўхтатгани, ходимларнинг 65 фоизи эса ҳақ тўланмайдиган таътилга чиқарилганини айтди.

Европадаги энг йирик Accor меҳмонхоналар тармоғи биринчи чоракда даромад 15 фоизга камайгани, нуқталарнинг учдан икки қисми ёпилганини билдирди.

Умид ҳозирча йўқолгани йўқ, чунки айрим мамлакатлар одатдаги иқтисодий фаолиятга қайтишга уринмоқда. Бу меҳмонхона саноати учун нимани англатади? Таҳлилчилар соҳа карантин сабабли таътилни ортга сурган ва чекловлар олиб ташланиши билан курортларга отланадиган туристлар эвазига тиклана бошлашини тахмин қилмоқда. UBS тахминига кўра, улар ортидан бизнес-саёҳатчилар, сўнгра конференция ва йирик тадбирларда қатнашувчи туристлар гуруҳи кела бошлайди.

Меҳмонхоналар коронавирус тарқалиши сабабли айрим ўзгаришларни жорий этишни режалаштирмоқда. Тозаликка ҳушёрлик билан ёндашиш устувор вазифа бўлиб қолди.

Marriott батафсил стандарт ва процедураларни ишлаб чиқувчи «тозалик бўйича глобал кенгаш» ташкил этилишини, Hilton эса Lysol тозалаш воситаларини ишлаб чиқарувчи Reckitt Benckiser корпорацияси билан ҳамкорликдаги Clean Stay дастурини эълон қилди.

Бундан ташқари, меҳмонхоналар шведча стол ўрнига таомни олиб бориб беришга ўтишни режалаштирмоқда. Гуруҳ учрашувларида эса ижтимоий масофани сақлаш чоралари кўрилади.

Ҳозирда кўплаб меҳмонхоналар одатий фаолиятга қайтиш қандай бўлишини тушуниш учун Хитой тажрибасига эътибор қаратмоқда.

«Биз талаб тикланишининг айрим дастлабки белгиларини кўрмоқдамиз. Агар бу тренд сақланиб қолса, у дунёнинг бошқа қисмларидаги эпидемия кечиши нуқтаи назаридан яхши белги бўлиши мумкин», — деди Marriott раҳбари Соренсон.

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top