21:11 / 16.05.2020
33010
Ўзбекистонда коронавирусдан тузалганлар сони 2200дан ошди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Хоразм вилоятида яна 18 бемор коронавирусдан тузалиб, реабилитацияга кузатилгани ҳақида хабар берди. Хоразмда энди 5 бемор қолди, вилоятда сўнгги кунларда янги касалланиш ҳолатлари қайд этилмаяпти.

Бугун вилоятда тузалганларнинг 13 нафар фуқаро Россиядан келган, жумладан, 2 нафари халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчиси бўлиб, 11 нафари чартер рейслар орқали Ўзбекистонга олиб келинган ва карантинга олинган, касаллик аниқлангач, шифохонага ётқизилган. 5 нафар фуқаро коронавирус инфекциясига чалинганлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олган. Уларнинг энг ёши каттаси 54, ёши кичиги эса 19 ёшда.

Вилоятда шу пайтга қадар 210 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда уларнинг сони 228 нафарга етди. Ҳозирда Хоразмда 5 нафар бемор даволанмоқда.

Бундан аввалроқ Тошкентда 27, Самарқандда 10 киши касалликдан тузалгани хабар қилинганди. 

Шу тариқа, бугун жами 55 нафар бемор тузалиб, айни пайтга қадар мамлакат бўйлаб коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайганлар сони 2213 нафарга етди.

16 май соат 16:00 ҳолатига кўра жами зарарланиш ҳолатлари сони 2719тага етган. Тузалганлар ва вафот этганлардан (11) ташқари 495 бемор даволанмоқда, уларнинг 8 нафари оғир аҳволда.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top