21:15 / 21.05.2020
23051
Танзила Норбоева Каттақўрғонга борди. Шаҳарда 2та ОТМ очилиши мумкин

Бугун, 21 май куни Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева Каттақўрғон шаҳрига борди. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати Kun.uz`га маълум қилди.

Фото: Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати

Хабар қилинишича, 13 май куни Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўтказилган видеоселекторда Каттақўрғон ва Нуробод туманларидаги 1200 гектар лалми ва яйлов ерларни Каттақўрғон шаҳри аҳолисига фойдаланишга бериш орқали 5 минг кишини иш билан таъминлаш вазифаси қўйилган.

Шаҳарда аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳ 3 кун давомида президент томонидан белгилаб берилган вазифаларни амалга оширишга доир дастур ишлаб чиққан.

Сенат раиси ишчи гуруҳ томонидан ўрганилган объектларда бўлди.

Каттақўрғон шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова шаҳарда иккита институт ташкил этиш таклифини илгари сурди.

Фото: Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати

Педагогика йўналишидаги олийгоҳ ташкил этиш учун собиқ академик лицей биноси тавсия этилди.

Мазкур бино ўқув корпуси, кутубхона, талабалар турар-жойи ва спорт майдончасидан иборат комплекс мажмуа бўлиб, замонавий талабларга жавоб беради.

Шунингдек, транспорт коллежи ўрнида шу номдаги қурилиш ва транспорт соҳасида олий ўқув юрти ташкил этиш мўлжалланяпти.

Танзила Норбоева лойиҳалар билан танишар экан, бўлажак институтларнинг кадрлар салоҳияти ва талабаларни қамраб олиш имконияти билан қизиқди.

Фото: Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати

Сенат раиси Давлатобод кўчаси атрофида қуриладиган кўп-қаватли уйлар режа-лойиҳасини кўздан кечирди. Мавжуд уйлар ўтган асрнинг ўрталарида қурилган бўлиб, бугунги кунда аянчли аҳволга келиб қолган.

Шунингдек, «Ингичка» шаҳарчасида амалга оширилиши кўзда тутилган лойиҳалар билан ҳам танишилган.

Сенат раиси Каттақўрғон шаҳрида тадбиркорлар билан учрашиб, уларнинг таклиф ва муаммоларини эшитиши ҳам режалаштирилгани айтилмоқда.

Маълумот учун, Каттақўрғон шаҳрини ривожлантириш бўйича 8та йўналишни қамраб олган ишчи гуруҳ тузилган, дейилади шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабарида

Top