21:46 / 26.05.2020
8093
Россиялик миллиардерлар пандемия вақтида 62 млрд долларга бойишди 

Россияда охирги 2 ой ичида доллардаги миллиардерлар сони 2 нафарга кўпайиб, 101 нафарга етди. Россиялик миллиардерларнинг умумий бойлиги эса пандемия кечаётган ушбу давр ичида 392 млрд доллардан 454 млрд долларгача кўпайган.

Жумладан, Россиянинг энг бой 5 одамининг умумий бойлиги 22,6 млрд долларга кўпайган ва 109,5 млрд долларга етган. Бу ҳақда Forbes нашри хабар берди.

Ҳисоб боши сифатида 18 март олинган. Бу вақтда жаҳон фонд биржалари коронавирус пандемияси сабабли кучли қулашни бошдан ўтказаётган эди. 
     
Пандемия даврида россиялик миллиардерлар ичида “Норильский никель” эгаси Владимир Потанин энг кўп бойиган. Унинг бойлиги 2 ой ичида 6,4 млрд долларга кўпайиб, 26,1 млрд долларга етган. ЛУКОЙЛ эгаларидан бири Вагит Алекперов 5,6 млрд долларга бойиб, умумий капитали 20,8 млрд долларга етган. НОВАТЭК бошқарув раиси Леонид Михельсон 5,4 млрд долларга (умумий бойлиги 22,5 млрд долларга етган), НЛМК эгаларидан бири Владимир Лисин 2,9 млрд долларга (21 млрд доллар) ва “Северсталь” президенти Алексей Мордашов 2,3 млрд долларга (19,1 млрд доллар) бойиган.

Шунингдек, 2 нафар россиялик бизнесмен – “Россиум” концерни директорлар кенгаши раиси Роман Авдеев ва “Норебо” гуруҳи раҳбари Виталий Орловнинг бойлиги 1 млрд долларга етиб, улар миллиардерлар қаторидан жой олган. 

Бу вақт ичида Forbes’нинг миллиардерлар жаҳон рейтинги 25 етакчисининг умумий бойлиги 255 млрд долларга кўпайган.  

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top