00:27 / 02.06.2020
113923
1 июнь куни уч ҳудудда аҳоли орасида янги ҳолатлар аниқланди

1 июнь куни Ўзбекистонда жами 79та янги зарарланиш ҳолати қайд этилди ва 22 бемор тузалди. Шу вақтгача 2859 киши соғайган, айни вақтда шифохоналарда 828 бемор даволанмоқда.

Бугун янги ҳолатлар 5 ҳудудда - Тошкент шаҳри, Тошкент, Самарқанд, Сирдарё ва Наманган вилоятларида аниқланди. ССВ матбуот хизмати раҳбари Фурқат Санаев телеграмдаги каналида беморлар қайд этилиши ва соғайиши бўйича кўрсаткичлар жадвалини келтирди.

79та янги касалланиш ҳолатининг 15таси аҳоли орасида қайд этилган.

Аҳоли орасида
Тошкент шаҳрида 13та янги ҳолат аҳоли орасида қайд этилган. Жумладан, «Ўрикзор» савдо мажмуасида дўкон сотувчиси ва унинг қизида, шунингдек, сотиш учун маҳсулотларни ушбу савдо мажмуасидан олиб, Юнусобод туманида жойлашган дўконида фаолият кўрсатувчи сотувчи ва унинг турмуш ўртоғида ҳам коронавирус тасдиқланган.

Тошкент вилоятида аҳоли орасида битта ҳолат қайд этилган, шунингдек, Россиядан Тошкент вилоятига чегара пост орқали кириб келган халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчиларидан 4 нафарига вирусдан зарарланиш ташхиси қўйилган.

Сирдарё вилоятида аҳоли орасида битта ҳолат қайд этилган, шунингдек, халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчилари бўлган 2 кишида вирусга чалиниш ҳолати тасдиқланган.

Карантинда
Тошкент вилоятида хориждан олиб келиниб карантинга жойлаштирилганлар орасида жами 46та ҳолат қайд этилган, Тошкент шаҳрида беморлар билан алоқада бўлгани учун стационар карантинга олинганлар орасида 10та ҳолат қайд этилган.

Эндиликда Тошкент шаҳридаги тиббиёт муассасаларида даволанаётган беморлар сони 586 нафарга етган (Тошкент вилояти ва Сирдарё вилоятида аниқланган беморлар ҳам пойтахтга олиб келинади).

Бугун Наманган вилоятида ва Самарқанд вилоятида карантинда бўлганлар орасида биттадан зарарланиш ҳолати аниқланди.

Қашқадарё вилоятининг Китоб туманида бир киши коронавирусдан вафот этгани тўғрисидаги гумонлар тасдиқланмади.

Ўз навбатида, Самарқанд вилоятида 11, Тошкент шаҳрида 10, Андижон вилоятида эса 1 нафар бемор тиббиёт муассасаларидан соғайиб чиқишди. Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 3702 нафар бемордан 2859 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 77 фоизни ташкил этмоқда. 

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 828 нафар бемордан 9 нафари оғир, 2 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top