16:19 / 06.06.2020
40263
«Сквер»даги йирик бинолар ҳеч қандай тендерсиз ноль қийматда хусусийлаштирилмоқда

Тошкент шаҳри Амир Темур хиёбони Бухоро ва Нуронийлар кўчалари кесишувида жойлашган «Газеталар ишлаб чиқариш мажмуаси биноси қисми» ҳамда Бухоро кўчаси, 10-уй манзилида жойлашган собиқ Свердлов номидаги концерт зали «Forsa Barsa» масъулияти чекланган жамиятига танловсиз тўғридан тўғри «ноль» қийматда тақдим этилмоқда. 

Kun.uz’га маълум бўлишича, «Forsa Barsa» МЧЖ ушбу биноларни қўлга киритгандан сўнг, 5 йил муддат ичида объектларга 15 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиб, уларни тўлиқ реконструкция қилиш мажбуриятини олади. Бундан ташқари, ушбу МЧЖ объектлар негизида гастроль-концерт фаолиятини ташкил этиши ва камида 150та янги иш ўринини яратиши лозим. 

Тошкентнинг Бухоро кўчаси, 10-уй манзилидаги бино.

1995 йили Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Республика кўчмас мулк ва фонд биржаларини жойлаштириш учун собиқ Свердлов концерт зали биноси ажратилади. Сўнгги йилларда бинода «Тошкент» фонд биржаси фаолият юритиб келган. 

Ўзбекистон президентининг 2017 йили 31 майдаги «Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантириш ва такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори билан бинони «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси тасарруфига ўтказиш вазифаси қўйилганди. Унинг ёнида МУМ, Алишер Навоий номидаги Катта театр ва бошқа маданий объектлар жойлашган. Шу туфайли, бинода академик жамоаларнинг бадиий дастурлари намойиш этиладиган, жонли ижрога мўлжалланган концерт зали ташкил этилиши мантиқан тўғри қарор бўлган.

Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, «Forsa Barsa» МЧЖ асосий фаолият турига макарон маҳсулотлари ва шунга ўхшаш унли маҳсулотлар ишлаб чиқариш киради. Яъни корхона маданият ва санъат соҳасига яқин фаолият билан шуғулланмайди. Корхона таъсисчиларидан бири Мубин Ўтбосаров бўлиб, унинг устав фонддаги улуши 97 фоизни ташкил этади. 

Шунингдек, интернетдаги очиқ маълумотларга кўра, Ўтбосаров чет эл капитали иштирокидаги «Савдогар» акциядорлик тижорат банки кузатув кенгаши аъзоларидан бири ҳисобланади. У кенгашда «Dinus Non» МЧЖ ҚК вакили сифатида кўрсатилган. «Dinus Non» эса нон, хамирдан янги тайёрланган қандолат маҳсулотлари, торт ишлаб чиқариш билан шуғулланишни асосий фаолият тури сифатида кўрсатган. 

«Dinus Non» МЧЖ ҚК таъсисчилари қаторида Ҳабибулло Йўлдошев (устав фонддаги улуши 22,1 фоиз) кўрсатилган бўлиб, у бошқа манбаларда «Dinus Non» МЧЖ ҚК директори ўринбосари сифатида «Хоразм шакар» қўшма корхонаси кузатув кенгаши аъзоси сифатида қайд этилган. Шу билан бирга, шакар завод кузатув кенгашида Эгамберган Ўробоев, Федор Ким, ижро органи раҳбари Фазлиддин Сирожиддинов исми ҳам келтирилган бўлиб, уларнинг барчаси чет эл капитали иштирокидаги «Савдогар» акциядорлик тижорат банки кузатув кенгаши аъзоларидир. Уларнинг барчасини яна «Илк плюс» инвесторлар уюшмаси бирлаштириб туради.

«Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида»ги қонуннинг 3-моддасида давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришнинг асосий принциплари сифатида қуйидагилар белгиланган: 

  • пулсиз ва пулли хусусийлаштириладиган мулкдан улуш олишда фуқароларнинг ҳуқуқлари тенглиги; 
  • ошкоралик давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тадбирларини амалга ошириш устидан давлат ва жамоат назоратини йўлга қўйиш; 
  • рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этиш. 

Аммо мазкур мулкларни хусусийлаштириш тўғрисидаги ҳукуматнинг тегишли ҳужжати лойиҳалари жамоатчиликка маълум қилинмай, тор доирада қабул қилинмоқда.

Шунингдек, «Рақобат тўғрисида»ги қонуннинг 12-моддаси талабларига мувофиқ, давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг шартномалар тузишда устунлик бериш, айрим хўжалик юритувчи субъектларга уларни товар ёки молия бозорида фаолият кўрсатаётган бошқа хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан афзал ҳолатга қўядиган имтиёзлар, преференциялар ва енгилликларни асоссиз равишда бериши, айрим хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолияти учун бошқа камситувчи ёки имтиёзли шартлар (шароитлар) белгилаши тақиқланади.

Вазирлар Махкамасининг 2014 йил 6 октябрдаги 279-сон қарори билан тасдиқланган Давлат мулки объектларини харидор томонидан инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятлар қабул қилиниши шарти билан «ноль» харид қиймати бўйича сотиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ, давлат мулки объектларини харидор томонидан инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятлар қабул қилиниши шарти билан танлов асосида «ноль» харид қиймати бўйича бериш назарда тутилган. 

Амалда эса давлат мол-мулки тўғридан тўғри, ҳеч қандай танловсиз хусусий ташкилотга бериб юборилиши кутилмоқда.

Хулоса шундайки, ҳар қандай давлат мулки хусусийлаштирилаётган пайтда унинг харидори ҳақида барча маълумотлар батафсил ошкор этилиши лозим. Шунингдек, мулк тендер савдосида шаффоф сотилиши мақсадга мувофиқ бўлади. «Ноль» харид қиймати билан бинони гўё «инвеситицион мажбурият билан қўш-қўллаб бировга бериб юбориш» халқ ризқига хиёнат бўлади. Қолаверса бу ҳолатда коррупция ҳолатлари унсурлари йўқлигига хеч ким кафолат бера олмайди.

Алишер Рўзиохунов

Top