21:47 / 06.06.2020
16147
Тошкент вилояти Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси дам олиш учун отланганларга мурожаат билан чиқди

Тошкент вилояти ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси Ўзбекистонда карантин талаблари юмшатиб борилаётганлиги сабабли ички туризм тикланаётганлиги муносабати билан аҳолига мурожаат билан чиқди.

“Республика махсус комиссиясининг куни кеча эълон қилинган ахборотида таъкидланишича, 2020 йил 5 июндан бошлаб “сариқ” ҳудудларда қуйидагиларга рухсат берилади:

меҳмонхоналар, санаторийлар, пансионатлар, болалар оромгоҳлари, меҳмон уйлари, пляжлар, бошқа дам олиш масканлари ва жойлаштириш воситалари фаолиятига (ҳостеллар бундан мустасно); 

уй меҳмонхоналари ва солиқ органларида рўйхатдан ўтган дала ҳовлилар (дачалар) фаолиятига (фақат оилавий меҳмонларга хизмат кўрсатиш учун);

меҳмонхоналар, санаторийлар, пансионатлар, болалар оромгоҳлари, меҳмон уйлари, пляжлар, бошқа дам олиш масканларида жойлашган ҳамда очиқ ҳавода хизмат кўрсатувчи умумий овқатланиш объектлари (ресторан, кафе, ошхона, чойхона) фаолиятига. 

Бу, албатта, қувонарли ҳол. Аммо, нима бўлганида ҳам эҳтиёткорликни унутмаслик, карантин талабларига амал қилиш даркор. Бундан ташқари, ҳозирги кунда ҳаво ҳароратининг кескин исиб кетиши аксарият одамларни тоғли ҳудудларга, соя-салқин жойларга чорлайди. Демак, ушбу ҳудудларда транспортлар оқими сезиларли даражада кўпаяди. 

Ҳурматли ҳайдовчилар! Йўлга чиқишдан олдин энг аввало транспорт воситангизнинг техник ҳолатини бир карра кўздан кечириб олишни унутманг. Агар бу ишни махсус устахоналарда амалга оширсангиз нур устига аъло нур бўлади. Транспорт бошқариш учун зарур бўлган ҳужжатлар мавжудлигига ишонч ҳосил қилинг. Энг муҳими, Тошкент вилояти ҳудудидаги автомобиль йўллари замонавий тезлик ўлчаш мосламалари билан назорат қилинишини ёдда тутинг ва белгиланган тезлик талабларига қатъий амал қилинг. Бу ўзингиз ва ўзгалар ҳаётини асрашда жуда ҳам муҳимдир”, дейилади мурожаатда.

Эслатиб ўтамиз, Республика махсус комиссиясининг қарорига мувофиқ, 8 июндан шунингдек, “сариқ” ва “яшил” ҳудудларда жамоат транспортида шаҳар (туман) ва шаҳар атрофи йўналишлари бўйича автобус ҳаракатларига рухсат берилди. “Дамас”, микроавтобус ва метрополитен фаолияти бундан мустасно ҳисобланади.

Top