23:59 / 12.06.2020
80391
Бугун 4 ҳудудда аҳоли орасида янги ҳолатлар қайд этилди, Бухоронинг уч туманида янги беморлар аниқланган

12 июнь куни Ўзбекистонда 128та янги зарарланиш ҳолати тасдиқланди ва 121 нафар бемор соғайди. Шу вақтгача 3758 беморга жавоб берилган, 19 киши вафот этган, шифохоналарда 1092 нафар бемор даволанмоқда.

Бугун 5 ҳудудда - Тошкент шаҳри, Бухоро, Самарқанд, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида янги ҳолатлар қайд этилди. ССВ матбуот хизмати раҳбари Фурқат Санаев телеграмдаги каналида беморлар қайд этилиши ва соғайиши бўйича кўрсаткичлар жадвалини келтирди.

Бугунги 128 ҳолатдан 94таси карантин муассасаларида, 26таси аҳоли орасида аниқланган, халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчилари бўлган 8 кишига ҳам вирусдан зарарланиш ташхиси қўйилган. 

Аҳоли орасида (+26)
Тошкент шаҳрида бугун аҳоли орасида 14 кишида вирус аниқланди. ССВ маълумотига кўра, пойтахтда сўнгги кунларда Юнусобод деҳқон бозори коронавирус ўчоғига айланган, 11 июнь куни бу ерда яна 6 нафар сотувчида вирус чиққан. Шунингдек, Шайхонтоҳур туманидаги «Медиа парк» савдо мажмуаси ходимлари орасида вирус аниқланиши давом этмоқда, кеча Чилонзор туманида яшовчи фуқарога ҳам вирусдан зарарланиш ташхиси қўйилган.

Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Ботир Қурбоновнинг маълум қилишича эса, 7 июнь куни Тошкент шаҳрида аҳоли орасида аниқланган 195 нафар беморнинг 183 нафари битта жойда ишлаган қурувчилар бўлган.

Бухоро вилоятида аҳоли орасида 5 кишида вирус аниқланди. Аниқлик киритилишича, янги касалланиш ҳолатлари Шофиркон, Вобкент ва Жондор туманида (шу тумандаги «ВЕТ-ФАРМ» МЧЖ сотувчисида) қайд этилган.

Тошкент вилоятида ҳам аҳоли орасида 5 кишида вирус аниқланди. Сўнгги кунларда вилоятнинг Тошкент ва Бекобод туманларида аҳоли орасида вирус аниқланаётганди. Бугун Чирчиқ шаҳри «қизил» ҳудудлар қаторига киритилди.

Самарқанд вилоятининг Ургут туманида яшовчи икки кишида коронавирус инфекцияси тасдиқланган.

Карантин (+94)
Хориждан келгач Тошкент вилоятидаги Ўртасарой карантин марказига жойлаштирилган фуқаролар орасида 88 ҳолат аниқланди.

Тошкент шаҳрида касалланганлар билан алоқада бўлгани учун карантинга олинганлар орасида 2 ҳолат қайд этилди.

Шунингдек, Сирдарё вилоятида коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб карантинга олинганлар орасида 4 кишида вирус чиққан.

Ҳайдовчилар (+8)
Сирдарё вилоятида 1 нафар, Тошкент вилоятида 7 нафар (Чинозда 2, Зангиотада 5) хориждан келган халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчиларида вирус аниқланган.

Тузалганлар (+121)
Бугун Тошкент шаҳридаги 4та тиббиёт муассасида жами 120 бемор тузалиб чиқди. Андижон вилоятидаги беморларнинг 1 нафари соғайди, ушбу вилоятда 3 нафар бемор даволанишни давом эттирмоқда.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 1092 нафар бемордан 13 нафари оғир, 2 нафари эса ўта оғир аҳволда. 

Беморларнинг 844 нафари Тошкентдаги даволаш муассасаларида, 248 нафари эса мамлакатнинг 8 ҳудудидаги шифо масканларида даволанмоқда.

Ҳозирда Ўзбекистонда уй карантинида 25 100 нафар, стационар карантинда эса 23 628 нафар фуқаро тиббий кузатувда бўлиб турибди.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top