23:18 / 16.06.2020
5498
Пекинда коронавирус тарқалиши сабабли янги чекловлар киритилди

Хитой пойтахти Пекинда коронавирус тарқалиши сабабли янги чекловлар киритилди. Шунингдек, шаҳарда аҳоли соғлиғини сақлаш соҳасидаги фавқулодда вазиятга жавоб бериш даражаси учинчидан иккинчига оширилган. 

Фото: GREG BAKER / AFP

Янги чоралар 17 июндан кучга киради. Жумладан, шаҳардаги бошланғич ва ўрта мактаблар вақтинчалик ёпилади. Бундан ташқари, Пекинга Хитойнинг бошқа ерларидан сайёҳлар ташриф буюришига тақиқлов киритилади. Шаҳарда маданий-оммавий, кўнгилочар ва спорт тадбирлари ўтказилиши тўхтатилади. Шунингдек, барча кўнгилочар марказлар ва ертўла иншоотларда жойлашган спорт залларини ёпиш буюрилган.

Пекиннинг эпидемиологик хавф даражаси юқори бўлган туманлари аҳолисига шаҳарни тарк этиш тақиқланган. Шунингдек, шаҳарни такси ва йўлакай транспортда тарк этиш тақиқланган.

Бундан ташқари, Хитой пойтахтида жамоат транспортида, жумладан метрода эпидемияга қарши чораларга риоя қилиниши ортидан назорат кучайтирилган. Транспортнинг йўловчилар билан юкланганлигини назорат қилиш, унда мунтазам дезинфекция ишларини амалга ошириш белгилаб қўйилган, йўловчиларга эса ҳимоя ниқобларини тақиш шарт қилиб қўйилган.

Ўтган ҳафта Пекиннинг Фэнтай туманида жойлашган “Синьфади” улгуржи бозорида коронавирус тарқалиши ўчоғи қайд қилинганди. Ўшандан бери коронавирусга 100 дан кўпроқ киши чалингани аниқланган, улардан аксарияти бозордаги сотувчилар ва уларнинг яқинларидир. Пекин маъмурияти шундан кейин бир нечта муҳим тижорий объектларни ёпишга мажбур бўлган. Фэнтайда ҳарбий ҳолат киритилган. 15 июндан шаҳардаги барча тураржой мажмуалари ортидан кучайтирилган назорат жорий қилинган.

Шунингдек, 15 июнда Пекиндан 140 км узоқликда жойлашган ва у билан яқин мулоқотда бўлган Баодин шаҳрида ҳам ҳарбий ҳолат киритилган.  

Уҳан университети тиббиёт бўлими вирусология институти профессори Ян Чжаньцюнинг таъкидлашича, Пекинда аниқланган коронавирус Уҳанда қайд қилинган коронавирусдан юқумлироқ бўлиши мумкин.

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top