09:50 / 22.06.2020
4253
Тошкент шаҳар ИИББ фуқароларни карантин қоидаларига риоя қилишга чақирди

Ўтган сутка давомида эпидемияга қарши кураш қоидалари бузилганлиги билан боғлиқ 730та факт, аҳолига хизмат кўрсатиш соҳаси ишчилари томонидан 9 қоидабузарлик қайд этилди.

Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари СЭХ хизмати вакиллари ва Миллий гвардия хизматчилари билан биргаликда хизмат кўрсатиш, савдо соҳалари ишчилари ҳамда фуқаролар орасида карантин муносабати билан профилактик ишлар олиб боришмоқда. 

ИИББ хабарида айтилишича, шаҳар аҳолиси ва меҳмонларига санитария-эпидемиология меъёрларига риоя қилиш муҳимлиги эслатилмоқда. Оддий тиббий ниқоб тақиш ҳам вирус ташувчи билан ўртада жиддий тўсиқ вазифасини ўташи тушунтирилди

“Ёнида шахсий ҳимоя воситаси бўлмаганларга тиббий ниқоб берилди. Савдо жойларида, гўзаллик салонларида ва бошқа хизмат кўрсатиш объектларида антисептиклар борлиги, мижозларнинг тана ҳароратлари ўлчаниши, ижтимоий масофа сақланиши текширилди. 

Бундан ташқари, кўп қаватли уйларга кириш жойлари ва болалар майдончалари дезинфекция қилинди. Жами ўтган сутка давомида ички ишлар органлари ходимлари ва СЭХ вакиллари фуқаролар томонидан эпидемияга қарши кураш қоидалари бузилганлиги билан боғлиқ (тиббий ниқобсиз юриш) 730та фактни, аҳолига хизмат кўрсатиш соҳаси ишчилари томонидан 9 қоидабузарликни қайд этишди.

Ҳурматли ҳамшаҳарлар ва пойтахт меҳмонлари! Карантин қоидаларига жиддий муносабатда бўлишингизни сўраймиз. Коронавирус инфекцияси хавфи йўқолиши ва бизнинг одатий ҳаёт тарзимизга қайтишимиз ўзимизга боғлиқ”, - дейилади маълумотда.

Top