18:05 / 24.06.2020
5313
«Ўзбекнефтгаз»: Июнь ойи бошидан буён 14та кондаги 16та қудуқдан табиий газ ва газконденсати олина бошланди (видео)

«Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг топшириғига асосан, табиий газ қазиб чиқариш прогноз кўрсаткичларини таъминлаш ва кўпайтириш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилди.

2020 йилнинг ортда қолган даврида 45та янги қудуқларда бурғилаш ишлари амалга оширилди ва фойдаланишга топширилди, 228та мавжуд қудуқларда мукаммал таъмирлаш, интенсификация ишлари бажарилди ҳамда 13та технологик чора-тадбирлар амалга оширилди.

Якунланиб бораётган июнь ойининг ўзида «Жанубий Кемачи», «Инам», «Саватли», «Ёрмоқ», «Янги Қизилработ», «Ойдин», «Учтепа», «Шимолий Муборак», «Ўртақум», «Қўшимча», «Алан», «Шўртан», «Узуншор» каби конлардан табиий газ ва газконденсати олинишига эришилди.

Бухоро вилоятининг Қоровулбозор туманида жойлашган Муборак нефт газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли «Жанубий Кемачи» конидаги бир қанча қудуқларда «Ўзнефтгазқудуқтаъмирлаш» АЖ мутахассислари билан ҳамкорликда капитал таъмирлаш ишлари олиб борилди.

Жумладан, 168-сонли қудуқда олиб борилган ишлар натижасида кунлик 50 минг куб метр саноат миқёсида табиий газ ва 1,5 тонна газ конденсати қазиб чиқарилаётган бўлса, 76-сонли қудуқдан эса кунлик 51 минг куб метр саноат миқёсида табиий газ ва 1,5 тонна газ конденсати олинмоқда.

«Узуншор» газконденсат конидаги 14-сонли қудуқда бурғулаш ишлари тугатилиб, қудуққа 2623-2542 метр оралиғида фильтр туширилди. Қудуқни ўзлаштириш кутилганидан кўпроқ натижа бериб, кунлик 200 минг куб метр саноат миқёсида табиий газ ва 4,4 тонна газ конденсати қазиб чиқарилиши йўлга қўйилди.

Қашқадарё вилояти ҳудудида жойлашган Шўртан нефт-газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли «Ёрмоқ» газконденсат конидаги 8-сонли баҳолаш-ишлатиш қудуғида ҳам бурғулаш ишлари тугатилди, шундан сўнг бу қудуқдан кунлик 120 минг куб метр саноат миқёсида табиий газ ва 3,8 тонна газ конденсати қазиб олина бошланди.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан табиий газ қазиб чиқариш ҳажмини ошириш мақсадида, Бошқарув раиси бошчилигидаги «Ишчи гуруҳ» ишлаб чиқариш корхоналарида доимий назоратни олиб бормоқда.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ Матбуот хизмати

Top