16:38 / 25.06.2020
9001
Лукашенко Россия Беларуснинг ички ишларига аралашаётганини айтди

Александр Лукашенконинг сўзларига кўра, ҳозирда интернетда Беларусь ҳукуматини ёмонотлиқ қилиш учун "даҳшатли фейклар" тарқатилмоқда.

Фото: Reuters

Беларусь президенти Александр Лукашенко Россия ва Польша мамлакатнинг ички ишларига аралашаётганини айтди.

"Ҳукумат мухолифлари бизни ўзлари каби ғирромликка итармоқдами? Улар ортида қўғирчоқбозлар тургани маълум. Улар Польшада ҳам. Россияда ҳам бор. Биз яқин вақт ичида президент Путин билан бу ҳақда гаплашамиз, аммо вазият жуда мураккаб. Энг замонавий сохта технологиялар қўлланилмоқда, ташқаридан сайловларимизга, ички ишларимизга аралашишмоқда", - деди Лукашенко.

Лукашенконинг сўзларига кўра, ҳозирда интернетда Беларусь ҳукуматини ёмонотлиқ қилиш учун "даҳшатли фейклар" тарқатилмоқда. У ана шундай фейкларга мисол сифатида унинг ўғли Виктор Лукашенконинг Швейцариядаги ҳисоб рақамида 840 млн доллардан ортиқ пул борлиги ҳақида тарқалган маълумотни келтирди.

"Дипломатик каналлар орқали Швейцарияга хат жўнатинг: бу пулларни ким олишни истаса, дарҳол олсин", - деди Беларусь президенти. 

У маълумотлар сохталаштирилаётгани, банк ҳужжатларига тушунмайдиганлар эса бундай хабарларга ишонишига эътибор қаратди.  

"Бундай фейклар доим бўлади. Айтганча, бу маълумотлар Россиядаги "Бабичев", "Незигарь" тузилмалари томонидан ташланмоқда. Маълумотлар Россиядан кирмоқда. Кейин эса узр сўраб, олиб ташлашади. Аммо одамларнинг миясига жойлаб бўлишади", - деди Беларусь раҳбари.

Top