12:38 / 26.06.2020
12093
Шовотдаги болалар боғчаси ерлари қайтариб олинди, боғчанинг келгуси фаолияти ҳам сўроқ остида

Хоразм вилоятининг Шовот туманидаги «Комилжон Отаниязов» маҳалласида жойлашган «Гўзалой» нодавлат болалар боғчаси ерлари давлат захирасига қайтарилди. Муассаса раҳбари Отабой Курамбаев адолат истаб, судларда сарсон бўляпти.

Хоразм вилояти, Шовот тумани, «Комилжон Отаниязов» маҳалласидаги «Гўзалой» нодавлат болалар боғчаси «Ойдин» хусусий фирмаси қошида 2000 йилда ташкил қилинган. 50 ўринга мўлжалланган мактабгача таълим муассасасини шу маҳаллада истиқомат қилувчи Отабой Курамбаев ўз маблағлари ҳисобига қуриб битказган.

68 ёшли Отабой ака кўп йиллар давомида ИИВ тизимида, сўнгра қурилиш соҳасида ишлаган, ҳозир нафақада. У боғчанинг қурилиши тарихи ҳақида гапириб берди.

«Қишлоғимиз вилоятнинг чекка ҳудудларидан бири ҳисобланади. Бундан 20 йил олдин маҳалламиз болалари тарбияси, келажагига қайғуриб, боғча ташкил қилишга эришдим. Ўзим кўп йиллар давомида Ички ишлар вазирлиги тизимида ишлаганман. Аксарият жиноятларнинг илдизи болаларнинг тарбияси, таълим олишига эътиборсизлик туфайли юз беришини яхши биламан. Шу соҳадаги тажрибамдан келиб чиққан ҳолда маҳаллада болалар боғчаси қуришга қарор қилдим. Рафиқамнинг шу соҳада ишлаш тажрибасига эга экани ҳам менга қўл келди. Қизларим ҳам шу соҳа бўйича ўқидилар, касбли бўлдилар», дейди Отабой Курамбаев.

2001 йилда муассасанинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Ўзбекистон мустақиллигининг 10 йиллигига бағишлаб, қишлоқ болаларининг таълим-тарбия олиши 5 йил давомида бепул қилиб белгиланди.

Отабой Курамбаевнинг сўзларига кўра, ўша пайтда «Гўзалой» мактабгача таълим муассасаси Ўзбекистондаги биринчи нодавлат боғча бўлган. Буни рухсатномаларни олиш, ҳужжатларни тайёрлаш, расмийлаштириш жараёни жуда қийин кечганидан сезган. Ўзбекистон тарихида бу ишлар биринчи марта қилинаётгани сабабли, расмийлаштириш ишлари жуда қийин бўлган.

2002 йилда Хоразм вилояти ҳокимлиги томонидан «Гўзалой» болалар боғчаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида 10 гектар ер ажратиб берилади.

«Вилоят ҳокими қабулида шуни илтимос қилдим. Маҳалла атрофидаги ташландиқ ерлардан беринг, экин экиб, обод қиламан. Ҳосилини, фойдасини шу боғчанинг эҳтиёжлари учун сарфлайман, дедим. Вилоят ҳокими бу ташаббусни қўллаб-қувватлади ва шу ернинг ўзидаёқ ер ажратиш ҳақидаги қарорни имзолаб берди», дейди Отабой Курамбаев.

Боғча раҳбари 10 гектар майдонли ташландиқ, ўт-ўланлар босиб ётган ерларни тарбиялаб, ишлов бериб, эпақага келтирган, экин экиб, унумдорлигини оширган. Олинган ҳосил ва унинг фойдасини йиллар давомида боғчанинг эҳтиёжлари, ер ва мулк солиғи, жиҳозлари, озиқ-овқат маҳсулотлари, коммунал тўловлари учун сарфлаган.

Отабой Курамбаевнинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда вазият тубдан ўзгарди.

«Сўнгги 4-5 йил ичида менга пахта ва шоли экиш, ҳосилини топшириш бўйича топшириқ берила бошланди. Албатта бу ишларни ҳеч ким расмийлаштирмайди, «столни муштлаган ҳолда қилинади». Фермер бўлмасам-да, боғчанинг келажагига қайғуриб, уни сақлаб қолиш мақсадида пахта ва шоли экиб, ҳосилини топшириб келдим. Ҳаммасини боғча фаолиятини тўхтатмаслиги учун қилдим. Аммо охир-оқибатда барибир ерсиз қолдим», дейди у.

2019 йил март ойида Отабой Курамбаев даволаниш учун Тошкентга кетганида, Шовот тумани ҳокимлиги ходимлари унинг қизига ерни давлат захирасига қайтариш ҳақида ариза ёздириб олишган. Шу аризага асосан ҳокимнинг қарори чиқиб, ерлар давлат захирасига қайтарилган.

Шовот тумани ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги ишлари бўйича ўринбосари Баҳром Шукуров воқеа юзасидан изоҳ берди.

«Хусусий фирмаларга пахта ва шоли экиш ҳақида топшириқ беролмаймиз, контрактация шартномасини тузишга ҳам мажбурлай олмаймиз. Аммо улар ўз ихтиёри билан шу ишларни қилиши, экин экиб, ҳосилини топшириши мумкин.

«Ойдин» хусусий фирмасининг 10 гектар ери раҳбарининг аризасига кўра давлат захирасига қайтариб олинди», деди у.

 «Гўзалой» болалар боғчаси архивидан олинган фотосурат

Шовот тумани ҳокимлиги Отабой аканинг қизи Н.Курамбаева «отаси йўқлигида хусусий фирма раҳбари вазифасини бажарувчи бўлиб ишлаган, аризаси қонуний кучга эга», деб ҳисобламоқда. Отабой Курамбаев эса «хусусий фирма раҳбари ўзи эканини, аризани ўз қўли билан ёзмагани, қизига эса бундай ваколатни бермагани, ҳокимлик ходимлари ўзи йўқлигидан фойдаланиб, босим уюштирган ҳолда ариза ёздиргани, унга асосланган қарор эса қонуний эмаслиги»ни таъкидламоқда.

2020 йил 5 май куни Шовот тумани маъмурий судида Отабой Курамбаевнинг туман ҳокими қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги аризаси кўриб чиқилди. Суд ҳайъати аризачининг қизига имзо чекиш учун ҳеч қачон ишончнома бермагани ёки буйруқ чиқармаганини таъкидлашига қарамай, аризасини қаноатлантиришни рад қилади. 2020 йил 27 май куни ўтказилган Хоразм вилояти маъмурий суди апелляция инстанцияси бу қарорни ўзгаришсиз қолдиради.

«Гўзалой» болалар боғчасининг архивидан олинган фотосурат

«Гўзалой» нодавлат болалар боғчасининг 20 йиллик фаолияти давомида «Комилжон Отаниязов» маҳалласидаги минглаб болалар таълим-тарбия олиб, мактабга кузатилган. Ҳатто хусусий боғчанинг фаолияти ва тажрибасини ўрганиш мақсадида, Халқ таълими вазирлиги томонидан шу жойда семинар ҳам ўтказилган.

Ҳозирги вақтда «Гўзалой» болалар боғчасида 30 нафардан ортиқ бола тарбияланмоқда (карантин сабабли боғча фаолиятини вақтинчалик тўхтатиб турибди). Уларнинг бадал пули ойига 60 минг сўмни ташкил қилади. Бир ойда бадал пулидан 2 млн сўм атрофида маблағ тўпланади. Бу қийматга муассаса харажатларини қоплаш мумкинми?

«Гўзалой» болалар боғчасининг архивидан олинган фотосурат

Отабой Курамбаев болалар боғчасини барпо қилиб, унинг фаолиятидан фойда олишни мақсад қилмаганини таъкидлаяпти.

«Агар фойда олишни мақсад қилганимда, чекка қишлоқда эмас, катта шаҳарда боғча қурган бўлардим. Шу қишлоғимнинг, шу маҳалламнинг болалари тарбияси, таълим олиши, келажаги учун бу ишни қилганман. Менга бу боғчадан моддий фойда йўқ. Давлатимизга келтирилаётган маънавий фойдани эса афсуски ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди. Ўзим тарбиялаган, унумдорлигини оширган ерларнинг қайтариб олинишини ноқонуний деб ҳисоблайман», дейди у.

Сўнгги йилларда «Гўзалой» болалар боғчаси бироз эскириб, таъмирталаб бўлиб қолди. Жиҳозларини янгилашга ҳам эҳтиёж сезилмоқда. Отабой Курамбаев уни таъмирлаш, жиҳозлаш ишларини режалаштириб, 600 млн сўмлик сметасини ишлаб қўйган эди. Бироқ, Шовот тумани ҳокимлиги томонидан ернинг қайтариб олиниши бу ишларни ҳам орқага суриб ташлади.

«Гўзалой» нодавлат мактабгача таълим муассасасининг қайғули ҳикояси шундай. Мустақиллик йилларидан бошлаб ҳисоб-китоб қилинса, Ўзбекистон аҳолиси сони деярли 2 баравар ошгани маълум бўлади. Бироқ, сўнгги 20-25 йил давомида боғча, мактаблар деярли қурилмади. Бунинг мевасини ҳозир татияпмиз: болаларни боғчага жойлаш учун узундан узоқ навбатлар, мактабларда тўлиб-тошган синфлар...

2018 йилда Ўзбекистон Республикаси президентининг «Мактабгача таълим тизимини янада рағбатлантириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. У аввало мактабгача таълим ташкилотлари моддий техника базасини яхшилашни, болаларнинг таълим ва тарбия олиши учун янги имкониятларни очишни, бунда хусусий шерикчилик асосида, том маънода болаларга меҳр қўйган, келажак авлод учун қайғурадиган бақувват тадбиркорлар, ҳомийларни жалб қилишни кўзда тутади.

Ҳозирги вақтда қанчадан қанча қишлоқлар, маҳаллалар аҳолиси боғча қуриб берилишини, фарзандлари таълим-тарбияли бўлишини орзу қилишмоқда. Аммо афсуски, бундай ишга қўл урган, ўз маблағини беғараз сарфлаётган тадбиркорлар қўллаб-қувватланиши ўрнига, бундай нохуш ҳолатларга тушиб қолгани, судма-суд юриб сарсон бўлаётганини кўряпмиз.

Нима ҳам дердик, юрт истиқболи учун масъул мулозимларда келажагимизни кимларга ишониб топширишни танлаш имконияти бор: тарбияли, илм-маърифатли, етук авлодгами ёки саводсиз, оми, жоҳилларгами... Танлов сиздан муҳтарам раҳбарлар.

Нурмуҳаммад Саид

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top