23:18 / 26.06.2020
25760
Шуҳрат Ғаниев билан матбуот анжумани қандай ўтди?

25 июнь куни Фарғонада ОАВ вакиллари учун пресс-тур, вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди.

Журналистлар куннинг биринчи ярмида Марғилон ва Фарғона шаҳарларидаги бир нечта саноат объектлари, корхоналар, ўқув муассасалари билан танишдилар.

Тушдан сўнг Водил қишлоғидаги анжуманлар залида вилоят ҳокими иштирокида «Фарғонанинг тадбиркори – Фарғонанинг ислоҳотчиси» мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.

Тадбир аввалида вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Муҳаммаджон Обидов Матбаа ва оммавий ахборот воситалари куни билан табриклаб, сўзни вилоят ҳокимига берди.

Шуҳрат Ғаниев ўз маърузасида пандемия шароитида иқтисодиётдаги ўсишни сақлаб қолиш, секинлашувига йўл қўймаслик юзасидан вилоятда олиб борилаётган ишларга тўхталди.

«Вилоят аҳолисининг сони 4 миллион нафарга яқинлашди. Ҳудудимизда 4та шаҳар ва 15та туман мавжуд. Ялпи ҳудудий маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 2020 йилда қарийб 44 триллион сўмга яқинлашиши кутиляпти. Вилоятимизда ҳунармандлар билан бирга ҳисоблаганда, 59 мингдан ортиқ тадбиркор мавжуд.

Ижтимоий фаол аҳоли 1,7 млн атрофида, йилига меҳнат бозорига кириб келаётган ёшларимиз сони ўртача 62-63 минг нафарни ташкил қиляпти», – деди ҳоким.

ЯҲМда хусусий тадбиркорлар улуши 70 фоиздан ошди

Шуҳрат Ғаниев вилоятда сўнгги йилларда тадбиркорлар сони ошиб бораётганини таъкидлаб, баъзи рақамларни келтириб ўтди.

«Мен бир мисолни келтираман: узоққа бормайлик, бундан тўрт йил олдин 2016 йилда Фарғона вилоятида ялпи ҳудудий маҳсулотнинг 80 фоиздан ортиғини тадбиркор эмас, давлат улуши бор корхона, ташкилотлар ишлаб чиқарган. Мана бугунга келиб, орадан уч-тўрт йил ўтиб, вилоятда ҳозир ЯҲМнинг қарийб 71 фоизи хусусий кичик ва ўрта бизнес, тадбиркорларимиз улушига тўғри келяпти», деди Фарғона вилояти раҳбари.

Марғилонда Туркия билан ҳамкорликда университет очилади

Шуҳрат Ғаниевнинг сўзларига кўра, Марғилонда Туркиянинг Бурса университети билан университет очилиши кутилмоқда.

«Ҳозирда мулоқотлар олиб боряпмиз. Туркия Республикасининг Бурса халқаро университети билан – у ерда 75 минг талаба ўқийди – Марғилон шаҳрида тўқимачилик технологияси ва ҳунармандчилик йўналишлари бўйича университет очиш юзасидан битимга имзо чекдик», – деди у.

Вилоят раҳбари Қўқон эркин иқтисодий зонаси ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.

«Қўқон иқтисодий зонаси энди шаклланяпти, ҳали ишларимиз кўп. Бу ерда 96та корхона ташкил бўлди, ўртача 13 мингга яқин фуқароларимиз иш билан банд бўлди. Қўқон иқтисодий зонасининг бир йиллик товар ишлаб чиқариш ҳажми бир йилда 3,5 триллион сўмга боряпти.

 

Энди тадбиркор ишлаб чиқарган маҳсулотнинг бозорини топиш керак. Шунинг учун муҳтарам президентимиз Бешариқ туманида эркин савдо майдони ташкил қилиш бўйича топшириқ бердилар. Демак, Қўқон эркин зонасининг бозори Бешариқда ташкил этилади», – деди Ғаниев.

«Сўх воқеалари» деб талқин қилинишига қаршиман»

Шуҳрат Ғаниев май ойи охирида Сўх эксклавида рўй берган можародан сўнг туманга ажратилган маблағлар ҳақидаги саволга жавоб берди.

«Мен «Сўх воқеалари» дейилишига мутлақо қаршиман, уни бундай атамаслик керак. Чунки мен ўзим ўша ерда бўлдим, етиб бордим. Албатта, анклав ҳудуд бўлганидан кейин, унинг ўзига яраша муаммолари бўлади. Анклав ҳудуд билан ишлаб кўрган раҳбар, ишлаб кўрган бошқа соҳа вакиллари буни билади. Шунинг учун «Сўх воқеалари» деб талқин қилмасликларингни илтимос қиламан.

Чунки бу ерда икки мамлакат фуқаролари минг йиллардан бери аҳил-иноқ бўлиб яшаб келади. Қўшни Қирғизистон Республикаси билан тилимиз ҳам, динимиз ҳам, бозоримиз ҳам, мозоримиз ҳам бир.

Сўхда бугун катта ишлар амалга ошириляпти. Муҳтарам президентимиз сўхлик ёшларга олий ўқув юртларига кириш учун 500та имтиёзли ўрин бердилар.

Сўхда июнь ойининг ўзида 2563та янги иш ўринлари яратилди. Бу ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ. Туманга жами 290 миллиард маблағ сарфланиши кўзда тутилган бўлса, бу маблағлар ойма-ой, босқичма-босқич ишлатилади», деди вилоят ҳокими.

Матбуот анжумани давомида Шуҳрат Ғаниев Сўх туманига оид савол бермасликни сўраб, бу борадаги саволларга ёзма тарзда жавоб беришга тайёрлигини айтди.

Элмурод Эрматов, Kun.uz мухбири
Тасвирчи – Аҳрорбек Ёқубжонов

Top