18:02 / 27.06.2020
3790
Эркинлик, холислик ва халқ ишончи — самарқандлик забардаст журналистларнинг байрам фикрлари

Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан ўз сўзига эга бир қатор самарқандлик журналистлар, соҳа фахрийлари Kun.uz мухбирлари саволларига жавоб қайтаришди.

Фармон Тошев, «Зарафшон» ва «Самаркандский вестник» газеталари бирлашган таҳририяти бош муҳаррири, сенатор:

— Журналистиканинг ўз тамойиллари бор. Биринчидан, эркин гапира олиш, фикрни изҳор қила олиш. Бу журналистиканинг ҳам жамиятнинг ҳам талаби. Иккинчидан, адолатли хулоса чиқара олиш, самимият... умуман, тўғри сўз айта олиш тамойили ўзгарадиган нарсалар эмас. Ҳар қайси жамиятда, ҳар қайси давлатда ҳам тўғри сўзни фақат одамларга етказиш эмас, ижтимоий фикр ҳам уйғотиш керак.

— Журналистни «ўлдирадиган» нарса нима?

— Биласизми, СЎЗдан обрў топиб бўлмайди. Агар бу сўзнинг ичида одамнинг юраги бўлмаса, жамиятдаги муаммолар таъсиридаги оғриқ бўлмаса, фақатгина қайсидир вазиятлардан фойдаланиб обрў олишга интилса, сиз айтган нарса содир бўлади.

Бугун бизни қадрлашяпти. Олдин ҳам қадрлашган, лекин ишонишмаган. Бугун ишонч ҳам бор. Ижро органига ишонмаган одам бизга ишоняпти. Аммо шу билан бирга ниманингдир илинжида юрган манфаатпарастлар ҳам бизга ишоняпти. Одамлар оммавий ахборот воситаларини кузатиши биз учун катта бахт. Шуни ҳис қилайлик. Юрагимизга қулоқ тутайлик. 

Дилфуза Зарипова, «Бекажон плюс» газетаси муҳаррири:

— Хусусий ва давлат нашрлари орасида улкан бўлиниш бордай назаримда. Ҳали улар битта оқимга қўшила олганлари йўқ. 

Ютуқларимизми? Эркин сўз айтиш имкони ошди, деб ҳисоблайман. Шу билан бирга доим барчанинг ҳуқуқини ҳимоя қилишга отланган ҳамкасбларимиз баъзан ўз ҳуқуқини ҳимоя қила олмай қолгани мени ташвишлантиради.

Журналист қачон ишидан натижа кўрса касбидан қониқади. Тилагим мана шу — ўз касбидан қониқиш ҳисси бўлсин ҳар доим.

Гулруҳ Мўминова, «Зарафшон» газетаси мухбири:

— Фаолиятингиз давомида бирор мақолангиз чиқишини раҳбарият истамаган вақтлар ҳам бўлганми?

— Бўлган! Табиийки бу танқидий мақола бўлган. Аммо бунда мақсад фақат мақоланинг тўхталиши бўлмаган. Ўша ҳолатда мақолада тилга олинган муаммони тегишли одамларга етказиб, ҳал этиш имкони бор эди. Аслида мақола ёзилишидан мақсад ҳам шу-ку, муаммога ечим топиш.

— Сиз жасорат нуқтайи назардан «чегарангизга» етиб борганмисиз?

— Ҳали айтилмаган гаплар бор. Ҳатто ёритилишини орзу қиладиган мавзуларимиз ҳам кўп. Бундай мавзуларни республикадаги «манаман» деган нашрлар ҳам кўтаряпти, деб ўйламайман.

Тўғриси, журналистлар кунидан бироз ийманаман. Табриклашса, «ҳали нима иш қилибманки» деган савол ичимда айланаверади. Албатта, ҳамма соҳанинг нишонланадиган куни бор. Аммо бизнинг соҳа касб байрами ОАВда жуда кўп ёритилади. Юқоридаги сабаб билан бироз тортиниш ҳам бўлади.

Тошпўлат Раҳматиллаев, фахрий журналист:

— Журналистнинг чегараси, ёки у қўрқиши лозим бўлган нимадир бўлиши керакми?

— Аслида бўлмаслиги керак. Агар, биринчидан, мамлакатда қонун устувор бўлса. Иккинчидан, суд фақат қонунга таяниб ишлайдиган бўлса ва учинчидан, кучли фуқаролик жамияти шаклланган бўлса. Агар мана шу уч фактор мавжуд бўлса, журналист қўрқмасдан, этика қоидаларига риоя қилган ҳолда ёзиши керак.

Бир кун келиб, мана биз ҳақиқий, ҳуқуқий демократик давлат қуриб, журналистикамиз оёққа турди деган вақтда, биз ҳам баралла, бошимизни эгмасдан, «биз ҳам мана шу жараёнда эдик, биз ҳам қатнашган, ўз меҳнатимиз билан ҳисса қўшган эдик» деб айта олайлик. Ҳамкасбларимизга шуни айтмоқчиман.

Анвар Мустафоқулов, Исомиддин Пўлатов — Kun.uz мухбирлари.
Фахриддин Ҳотамов, тасвирчи.

Top