20:18 / 28.06.2020
73469
Кондиционерлар коронавирус тарқатиши ростми?

Бир қатор давлатларда карантин юмшатила бошланди, жамоат транспорти, офислар, кафе, дўкон ва спортзалларда яна одамлар гавжумлашмоқда.

Фото: Getty Images

Кун исиб бориши билан савол туғилади: атрофда коронавирус пандемияси мавжуд бўлган ёз жазирамасида кондиционердан фойдаланиш мумкинми?

Улар юқтириб олиш хавфини орттирмайдими?

Қисқа қилиб айтганда, ҳа — кондиционерлар, олимлар фикрича, коронавирусни тарқатиш хусусиятига эга. Аммо вируснинг манбайи бўлолмайди. Шунинг учун улардан қаерда ва қандай фойдаланишни ҳисобга олиш муҳим ҳисобланади.

Илм-фан нима фикрда?

Фото: Getty Images

Бу мавзудаги илмий ишлар, аниқланишича, ҳозирча жуда кам ва уларнинг натижаларини мутлақ репрезентатив деб ҳисоблаб бўлмайди.

Коронавирус тарқалишида кондиционерларнинг роли ҳақида биринчи марта Уҳандаги ресторанда инфекцияланиш схемасини ўрганган хитойлик мутахассислар томонидан олиб борилган тадқиқотдан кейин гапирилган. 
Олимлар кондиционер яқинидаги столда ўтирган 9 киши коронавирусга чалинганини аниқлашган. 

Олимларнинг фикрига кўра, вирусни ўзида Covid-19 аломатлари бўлмаган хўрандалардан бири тарқатган. У кондиционер қаршисида ўтирган. Кейинчалик, қўшни столларда ўтирган ва аёл билан тўғридан тўғри алоқа қилмаган 9 нафар меҳмонда ҳам тест мусбат натижа берди. 

Аммо унутмаслик керакки, ушбу тадқиқотда танлов жуда кам эди ва шароит лабораторияникидан фарқ қилади. Шунинг учун илмий дунёда кўпчилик унинг репрезентативлиги ва асослилигига шубҳа билан қарашади. 

Бу вақтда Хитой тадқиқоти мавзусини украиналик машҳур шифокор Комаровский қўллаб-қувватлади.

У ўз видеоблогида натижаларни келтирди ва нохуш хулоса чиқарди: «Агар бемор нафас билан чиқарган вирус сунъий иқлим назорати томонидан яратилган ҳаво оқимига қўшилиб кетадиган бўлса, ҳамма нарса аллақачон жиддийлашади».

Бундан ташқари, «Diamond Princess» круиз кемаси билан бўлган воқеа кўпчиликнинг ёдида бўлса керак. Унинг бортидаги уч минг кишидан 700 нафари касалликка чалинган ва уларнинг катта қисми кема карантинга олингандан кейин вирусни юқтирган. Шифокорлар бунда лайнернинг кондиционер тизими муҳим рол ўйнаган деб ҳисоблашади.

Зарарланиш қандай рўй беради?

Фото: Getty Images

Бу мавзуда мулоҳаза билдирган барча мутахассисларнинг таъкидлашича: кондиционер ўз-ўзидан коронавирус ўчоғи бўла олмайди, чунки вирус фақат одамдан одамга юқади. Бироқ, агар хонада бемор бўлса, кондиционер тизимлари инфекция тарқалишини ошириши мумкин. 

Бу аксарият кондиционерларнинг ишлаш усули билан боғлиқ. 

Иссиқ кунда хонани салқинлатса ҳам, у бир ҳавони айлантиради. 

«Шундай амалиёт мавжуд: агар кондиционер ёқилса, деразалар буткул ёпилади. Кондиционер шундай ишлайди: ҳаво олади, уни совитади ва яна қайтаради. Бу айланма ҳаракатни келтириб чиқаради», — деб тушунтиради Украина Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги соғлиқни сақлаш маркази шифокор-гигиенисти Данила Бриндак. 

Шунинг учун, вирус билан касалланган одам аксирса ёки йўталса, кондиционердан чиқувчи ҳаво оқими бу томчиларни тарқата олади, лекин унчалик узоққа эмас. Шунингдек, ҳаво оқимининг йўналиши ҳам муҳим аҳамиятга эга. 

Кондиционерлардан воз кечиш вақти келдими?

Бу кондиционердан бутунлай воз кечиш кераклигини англатадими? Бир сўз билан айтганда, йўқ. 

Биринчидан, шахсий хонадон ёки уйдаги кондиционерлар жамоат жойларидагига қараганда анча хавфсиздир — агар сиз ва сизнинг ёнингизда яшовчилар соғлом бўлса. Шунингдек, уйингизга кўп меҳмон келмаслиги ҳам муҳим, чунки улар орасида ташқи аломатларсиз вирус ташувчиси ҳам бўлиши мумкин.

Офис ва ресторанларга келсак, хавф, албатта, катта. Аммо мутахассислар иқлим назоратидан бутунлай воз кечишни тавсия этишмайди, чунки дим хонада бўлиш айниқса қариялар учун янада хавфлидир.

Мутахассисларнинг бош маслаҳати — хонани мунтазам равишда шамоллатиш керак. 

«Одамларга кондиционердан фойдаланишни тақиқлашдан маъно йўқ, чунки улар қулайлик учун керак. Аммо яхши шамоллатиш зарурат бўлиб қолади», — дейди Данила Бриндак. 

Бундан ташқари, одатда коронавирус юқумлилиги ҳаво ҳарорати кўтарилиши билан пасаяди, шунинг учун кондиционер ҳароратини бошқариш имкони бўлса, уни аввалги ёзда одатланганингиздан бироз юқорироқ тутинг. 

Охир-оқибат, аллақачон ёд бўлишга улгурган уйда қолиш қоидаларига амал қилиш керак: ижтимоий масофани сақланг, қўлларингизни дезинфекция қилинг ва юзингизга тегманг. 

Мутахассисларнинг таъкидлашича, сирт орқали ва тўғридан тўғри алоқа пайтида инфекция юқиши хавфи кондиционерга қараганда анча юқори.

Уйда бемор бўлса, нима қилиш керак?

Агар уйда коронавирус билан касалланган одам бўлса, кондиционерни ўчириш ва шамоллатиш учун деразаларни очиш энг яхши усул ҳисобланади. 

«Ойнани очиш орқали кўпроқ тоза ҳавога эга бўласиз ва бу хонада коронавируснинг эҳтимолий концентрациясини камайтиради», — дейди Заболотний номидаги микробиология ва вирусология институтининг вируслар репродукцияси бўлими бошлиғи Светлана Загородня. 

Агар бирор кимнинг гулчангларга аллергияси туфайли деразани очишнинг иложи бўлмаса, кондиционерни ёқинг, лекин хона ҳаддан ташқари совиб кетишига йўл қўйманг, чунки совуқда коронавирус ўзини яхши ҳис қилади. 
Ва иложи бўлса, кондиционердан чиқувчи ҳаво оқими уй бўйлаб тарқалмаслиги учун бемор жойлашган хона эшигини ёпинг. 

«Бу ҳолда, энг муҳими, беморларни шамоллатиш тизимларидан узоқроқ тутишдир», — деб маслаҳат беради Светлана Загородня. 

Шунингдек, у кондиционердан фойдаланиш қоидалари борлигини эслатади: «Уларни вақтида тозалаш, совуқ ҳаво оқимини тўғри йўналтириш, ҳароратни кўчадагига нисбатан 6-10 даража фарқли ушлаш ва хонани ҳар куни шамоллатиш зарур».

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top