14:00 / 07.07.2020
17921
Жиззах шаҳрида карантин талаблари кучайтирилди: чойхоналар ва истироҳат боғлари ёпилмоқда

Коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида Жиззах шаҳрида карантин талабларини кучайтириш тўғрисида Жиззах вилоят ҳокими Э.Солиевнинг қарори қабул қилинди.

Вилоят ҳудудида сўнгги кунларда коронавирус инфекциясига чалинган беморлар сони ортиб бораётгани, вилоятнинг айрим туманлари «қизил» тоифали ҳудудлар таркибига киритилганини инобатга олиб, вилоят штаби қарорларига мувофиқ Жиззах шаҳрига 2020 йил 4 июль соат 00:01дан бошлаб карантин чоралари кучайтирилаётгани ҳақидаги қарор вилоят ҳокимлиги расмий сайтида бугун эълон қилинди.

Унга кўра, Жиззах шаҳрига кириш ва чиқишни назорат қилиш учун қўшимча йўл патруль хизмати стационар постлари ва блок постлари ташкил этилади.

Кирувчи ва чиқувчи шахсларда коронавирус инфекцияси аломатларини аниқлаш бўйича мажбурий тиббий назорат ўрнатилади.

Ташкил этилган йўл-патруль хизмати стационар постлари ва блок постларини пирометрлар (масофадан тана ҳароратини ўлчовчи) ва ўтишга рухсат этилган автотранспорт воситаларини мажбурий равишда дезинфекция қилинишини таъминлайди.

Жиззах шаҳридаги «Ёшлар шаҳарчаси», «Истиқлол» ва «Ўрда» экологик истироҳат боғлари фаолияти тўхтатилади ва фуқароларнинг боғ ҳудудига кириши тақиқланади.

Жиззах шаҳрида автотранспорт воситаларининг махсус рухсатномасиз фақат куннинг муайян вақтида соат 07:00дан – 10:00гача ва 17:00дан – 20:00гача ҳаракатланишига рухсат этилади.

Жиззах шаҳрида соат 07:00дан 23:00га қадар жамоат жойларида уч кишидан ортиқ тўпланиш ҳамда 23:00дан 07:00га қадар кўчаларда, кўп қаватли уйлар ва ҳовлилар олдида бўлиш тақиқланади, бунда фақатгина фуқароларнинг саломатлиги ёмонлашгани муносабати билан шифокор кўригидан ўтиш учун даволаш муассасасига ёхуд зарур дори-дармон харид қилиш мақсадида дорихонага бориб-келишига шахсий транспорт воситасига рухсат берилади.

Жиззах шаҳридаги «Марказий деҳқон» ҳамда «Эски шаҳар деҳқон» бозорлари, савдо мажмуалари (супермаркет, минимаркет ва бошқалар) кириш-чиқиш жойларида фуқароларнинг тана ҳароратини ўлчаш учун тегишли мутахассислар билан таъминлаган ҳолда пирометрлар ва антисептик воситалар билан таъминланиши белгиланган.

Жиззах шаҳрига бошқа ҳудудлардан кириб келаётган барча транспорт воситалари, товар ва юкларнинг мажбурий равишда дезинфекция қилиниши таъминланади.

Давлат идоралари ва ташкилотларида фуқаролар ҳамда тадбиркорлик субъектлари вакилларини қабул қилиш, уларга давлат ва бошқа хизматларни кўрсатиш имкон қадар «онлайн» режимга ўтказилади, жамоат жойлари ва тадбиркорлик фаолияти объектларида ижтимоий масофа (2 метр) сақлаш, уч кишидан ортиқ йиғилмаслик, фуқароларнинг тиббий ниқобдан ҳамда антисептик воситаларидан доимий равишда фойдаланиш, барча ташкилотлар кириш-чиқиш жойларини пирометрлар, антисептик воситалар ва дезинфекцион «тўшак»лар билан таъминлаш ҳамда ходимлар томонидан ижтимоий масофани сақлаган ҳолда фаолият юритишини таъминлаш чоралари кўрилади.

Жиззах шаҳридаги барча савдо шохобчалари, чойхона, ресторан, кафе ва бошқа умумий овқатланиш жойлари, сартарошхона ва гўзаллик салонлари ҳамда ўқув курслари фаолияти карантин тадбирлари тугагунга қадар тўхтатилади.

Вилоят ҳудудидаги йирик буюм бозорлари ҳамда буюм савдоси билан шуғулланадиган йирик савдо мажмуалари ҳафтанинг шанба ва якшанба кунлари санитария-дезинфекция ишларини амалга ошириш учун ёпилиши, шунингдек, Жиззах шаҳридаги «Кўк бозор» деҳқон бозори ҳафтанинг якшанба, «Эски шаҳар» деҳқон бозори ҳафтанинг ҳар душанба куни ёпилиши ҳамда белгиланган чораларга тўлиқ риоя этилиши устидан қатъий назорат ўрнатилади.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top