09:30 / 07.07.2020
19371
Урганч шаҳрида фуқароларни норози қилган қурилиш тўхтатилди, бироқ муаммолар янгиланди

Урганч шаҳрининг «Темирйўлчи» маҳалласи ҳудудида фуқароларни норози қилган хусусий тиббиёт клиникаси қурилиши тўхтатилди.

Хоразм вилояти маркази Урганч шаҳрининг «Темирйўлчи» маҳалласи ҳудудида хусусий тиббиёт клиникаси қурилиши бошланган, аммо яқин атрофдаги уйларда яшовчи аҳоли бундан қаттиқ норози бўлиб, қурилиш тўхтатилишини талаб қилишган эди. Бу ҳақда сайтида «Урганч шаҳридаги маҳаллада хусусий клиника қурилиши бошланди. Фуқаролар бунга қарши бўлишмоқда» сарлавҳали материал ҳам эълон қилинган эди.

Дастлаб, Қурилиш соҳасидаги ҳудудий назорат инспекцияси аҳоли томонидан қилинган мурожаатдан сўнг, хусусий тиббиёт клиникаси қурилиши учун берилган рухсатномани бекор қилди. Бунга Шаҳарсозлик Кодексининг 4-моддаси 7-қисми асос қилиб олинди. Унда «Агар шаҳарсозлик фаолияти жамият, давлат, юридик ва жисмоний шахсларнинг манфаатларига зид бўлса, бундай фаолият тугатилиши кераклиги» белгиланган. Одамлар орасида келиб чиққан норозилик айнан шуни англатади.

Бундан ташқари, маҳалла аҳолиси вакилларининг хабар беришича, Урганч шаҳри ҳокими Шуҳрат Абдуллаев хусусий клиника қурилиши тўхтатилгани, энди бу жойда арчазорлардан иборат яшил ҳудуд барпо этилишини маълум қилган. Шундан сўнг, қурилиш бошланган ҳудуддаги катта котлован кўмилиб, арчалар экилди.

Қайд этиш жоизки, одамларнинг фаол фуқаролик позициясига эга экани, турли босимларга қарамай, қонунда кўзда тутилган қулай яшаш ва фаолият кўрсатиш муҳити билан таъминланиш ҳуқуқини қатъият билан талаб қилишлари натижасида, «Темирйўлчи» маҳалласи аҳолиси Урганч шаҳар ҳокимлиги билан юзага келган можарода «ғалабага» эришди. Аммо, уларнинг қаршисида янги муаммолар пайдо бўлди.

Биринчидан, ҳозирги вақтда қурилиш тўхтатилган ҳудудга тупроқ тортилиб, арчалар экилган. Аслида бу жой автомобиллар сақланиши учун мўлжалланган мўъжаз майдонча эди. Атрофдаги уйлар аҳолиси шахсий транспорт воситаларини шу жойга қўйишарди. Энди бундай жой йўқ.

Иккинчидан, қурилиш ишлари бошланганида пиёдалар ва транспорт воситалари юрадиган йўлак бузиб ташланди. Кўп йиллик дарахтлар қўпорилди, гулзорлар пайҳон қилинди. Обод бўлиб турган жой абгор аҳволга келтирилди. Энди буларни ким жойига қайтаради?

Учинчидан, арча экилган ҳудудда ер остидан сув сизиб чиқмоқда. Катта эҳтимол билан қурувчи котлован қазиганида ичимлик суви ёки канализация қувурларига зарар етказган бўлиши ҳам мумкин. Бу ҳолат одамларни янада хавотирга соляпти. Энди қувурларни таъмирлаш баҳонасида арчазор ҳам бузиб ташланадими?

Ўзи бу ҳудуддаги уйларнинг баъзиларида бир неча йиллардан бери ичимлик суви билан боғлиқ муаммо бор эди. Аҳоли ичимлик суви таъминотида босим пастлигидан шикоят қилиб келаётган, мутасаддилар эса муаммо тез орада ҳал қилиниши ҳақидаги ваъдаларни беришдан нарига ўтмаётганди. Агар ичимлик суви қувурларига зарар етказилган бўлса, бу муаммо янада чуқурлашади.

Урганч шаҳри ҳокимлиги Шаҳарсозлик Кодекси талабларини бажариб, фуқароларни норози қилган қурилишни тўхтатгани қувонарли ҳол. Ўйлаймизки, янги пайдо бўлган муаммолар ҳам қисқа вақтда ечимини топади.

Нурмуҳаммад Саид

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top