09:13 / 08.07.2020
16415
Трампнинг жияни ўз китобида президент амакиси ҳақидаги сирларни ошкор қилди

АҚШ президенти Дональд Трампнинг жияни Мэри Трамп ўз китобида амалдаги президент ёшлигидан одамларни алдашга ва улардан ўз манфаатлари йўлида фойдаланишга тайёрликни намойиш қилгани ва ҳаттоки университетга кириш имтиҳонларини унинг ўрнига бошқа одам топширгани ҳақидаги маълумотлар билан бўлишди.

Дональд Трамп ҳақидаги бу ва бошқа маълумотлар Мэри Трампнинг “Жуда кўп ва ҳамиша оз: менинг оилам қандай қилиб дунёдаги энг хавфли одамни яратди” (Too Much And Never Enough: How My Family Created the World's Most Dangerous Man) деб номланган хотиралар китобида келтирилган. Китоб 14 июлда сотувга чиқарилади, бироқ ОАВ ҳозирдаёқ ундан парчаларни келтириб ўтмоқда.

“У [Дональд Трамп] учун ёлғон, авваламбор, атрофдагиларни у аслидагидан яхшироқ эканига ишонтириш усулига айланган”, деб китобдан парча келтирган Washington Post нашри. 

Мэри Трампнинг таъкидлашича, Дональд Трампнинг бутун болалик даврида у учун уй вазифаларини опаси Мэриэнн бажариб келган, “бўлғуси президент Пенсильвания университетига киришга қарор қилганда эса имтиҳонларни яхши топшириши билан ном қозонган Жо Шапиро исмли ақлли йигитнинг кўмагидан фойдаланган”. Пул борасида ҳеч қачон муаммога эга бўлмаган Дональд бу “кўмак” учун унга пул тўлаган. Ваҳоланки, Трамп Пенсильвания университети молия мактабига ўзининг “гениаллиги” эвазига ўқишга кирганини такрорлаб келади.

Бундан ташқари, Трампнинг жияни уни социопат (одамлар ҳуқуқларини инкор этувчи, жамият меъёрларига риоя қилишни истамайдиган киши) деб атаган ва калондимоғлик ҳамда беадабликда айблаган. Унинг таъкидлашича, президентдаги бу ёмон иллатлар Трампнинг отаси – Фред Трамп берган тарбия натижаси ҳисобланади.

Таъкидланишича, Трампнинг жияни китобда отаси ўлимида ўз амакиси Дональд Трампни ва бобосини айблаган. 

Президентнинг ўзи ҳозирча жиянининг китобига ҳеч қандай муносабат билдирмаган, бироқ унинг матбуот котиби уни “ёлғонлар тўпланмаси” деб атаган.

“Бу негизида ҳеч қандай ҳақиқат бўлмаган ажабланарли ва бемаъни айбловлардир”, деб изоҳ берган китобга Трампнинг матбуот котиби Кейли Макинани. 

Мэри Трамп Дональд Трампнинг акаси, 1981 йилда юрак хуружидан кейин вафот этган Кичик Фред Трампнинг қизи ҳисобланади.

Таъкидлаб ўтиш жоиз, аввалроқ суд китобнинг чоп этилишини тақиқлаган, бироқ ҳакамлик суди бу қарорни бекор қилган.

Top