20:35 / 09.07.2020
4585
Трамп илк бор Мексика президенти билан учрашди 

АҚШ президент Дональд Трамп 4 йиллик президентлиги вақтида илк бор қўшни давлат президенти билан учрашди ва икки давлат ўртасидаги муносабатларни «мисли кўрилмаган даражада» деб атади.  

Фото: Getty Images

Трамп Оқ уйда Мексика президенти Андрес Мануэл Лопес Обрадорни қабул қилди. Бу икки президентнинг илк учрашуви бўлди.

Икки етакчининг учрашуви АҚШ, Мексика ва Канада ўртасидаги янги савдо келишуви – USMCA’ни имзолаш доирасида ўтган. Ушбу келишув июль бошидан кучга кирган. Канада бош вазири Жастин Трюдо Вашингтонга келишдан бош тортган ва шу сабабли учрашув икки томонлама кўриниш олган. 

Трамп журналистлар олдидаги нутқида АҚШ ва Мексиканинг ҳозирги муносабатларини “мисли кўрилмаган даражада” деб атаган ва улар “ҳеч қачон ҳозиргидан кўра яқинроқ бўлмаганини” таъкидлаб ўтган. У Мексика президентини мақтаб, уни “қатъиятли музокарачи” деб атаган.

Ўз навбатида Лопес Обрадор Трампга тушунганлик учун миннатдорлик билдирган ва АҚШ “Мексикага мустамлака каби қарамагани”ни таъкидлаб ўтган. 

Сиз мустақил миллат сифатида бизнинг шартни бажардингиз. Мен бу ерда бўлганимнинг сабаби ҳам шу: АҚШ президенти бизга ҳурмат ва меҳр билан муносабатда бўлгани учун АҚШ халқига миннатдорлик билдириш”, деб айтган Мексика президенти.

Трампнинг таъкидлашича, Трюдо билан учрашув кейинроқ бўлиб ўтади.

Top