11:40 / 03.08.2020
10191
COVID-19 сабабли GTL заводи қурилишида ишлаётган ишчилар сони 11 мингдан 2 минггача камайиб кетди – Энергетика вазирлиги

Қашқадарё вилоятидаги GTL заводининг қурилишида ишлаётган қурувчиларда коронавирус инфекцияси аниқланган, натижада ишчилар сони икки 11 мингдан 2 минггача камайиб кетган. Бу ҳақда 1 август куни завод қурилиш майдонида энергетика вазири Aлишер Султонов раҳбарлигида ўтказилган кенгайтирилган йиғилишда маълум қилинган.

Фото: Энергетика вазирлиги матбуот хизмати

Энергетика вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, йиғилишда масъуллар GTL заводи қурилишининг бориши, қурилиш майдонидаги эпидемиологик вазият, қурилиш-монтаж ишларининг ҳажми ҳақида маълумот беришган. Қайд этилишича, инвестиция лойиҳасини амалга ошириш якунланмоқда.

«Касаллик тарқалишининг олдини олишга қаратилган бир қатор эпидемиологик тадбирлар ўтказилганига қарамай, қурилиш майдончасида ишлаётган ишчиларда коронавирус инфекцияси аниқланди. Шу сабабли объектдаги ишчилар сони 11 мингдан икки минг нафаргача камайиб кетди, аммо бу вақтинчалик ҳолат ҳисобланади. Бугунги кунда коронавирус инфекциясини юқтиришда гумонланган барча ишчилар тестдан ўтказилган. COVID-19га олинган таҳлил натижаларига қараб ходимларнинг сони босқичма-босқич ўсиб бормоқда», дейилади вазирлик ахборот хизматининг хабарида.

Таъкидланишича, коронавирус пандемияси туфайли, заводнинг қурилиш майдонидаги ишчи-ходимлари учун лойиҳа ҳудудида 1400 ўринга мўлжалланган махсус карантин зонаси ва 400 ўринли госпитал ташкил этилган. Шу жумладан, 5 та тез ёрдам машиналари ва 30 дан зиёд тиббиёт ходимларининг доимий навбатчилиги ташкил этилган бўлиб, коронавирус тестлари учун ускуналар, пульсоксиметр, оксигенератор ва бошқа зарур бўлган тиббиёт ускуналари билан жиҳозланган махсус лаборатория ва дорилар захираси яратилган.

Энергетика вазири ташриф давомида ишчи-ходимлар учун яратилган ишлаш ва яшаш шароитларини тўлиқ ўрганиб, «Uzbekistan GTL» МЧЖ ва «Шўртан ГКМ» МЧЖ ҳамкорлигида ташкил этилган қўшимча махсус лаборатория билан ҳам танишган. ПЗР тестларни бажариш учун харид қилинган ускуна ва дорилар захираси бўйича қўшимча топшириқлар берган.

«Ҳозирги вақтда айрим хорижлик мутахассисларни ватанларига юбориш ишлари олиб борилаяпти. Шунингдек, қурилиш-монтаж ишларини узлуксизлигини таъминлаш мақсадида маҳаллий ва хорижлик янги мутахассисларни жалб қилиш режаси ишлаб чиқилмоқда. Узоқ вақтдан буён завод қурилишида ишлаётган ҳиндистонлик, веьтнамлик ва хитойлик ишчиларни малакали мутахассислар билан ўрин алмаштириш ҳамда уларни чартер рейслар билан уйларига қайтариш режалаштирилмоқда.

Ҳозирги вақтда чет эллик мутахассисларни ўз ватанларига юбориш жадвали, шунингдек, қурилиш ва монтаж ишларини давом эттириш учун Ўзбекистон ҳудудлари ва чет элдан янги ишчиларни қурилиш майдончасига жалб қилиш жадвали ишлаб чиқилмоқда», дейилади расмий хабарда.

Қайд этилишича, айни пайтда «Шўртан газ кимё комплексининг тозаланган метани негизида синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш» инвестиция лойиҳаси доирасида пудратчилар томонидан лойиҳани амалга оширилишининг умумий кўрсатгичи 90 фоизга бажарилган. GTL заводи ишга туширилганидан сўнг минтақадаги энг инновацион ишлаб чиқариш корхоналаридан бири бўлиши кутилмоқда. Қурилиш ишлари йил охирида якунланиши режалаштирилган.

Top