21:04 / 06.08.2020
33061
Президент ОТМга қабулни ташкил қилиш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказди

Президент Шавкат Мирзиёев 6 август куни жорий йилда олий таълим муассасаларига қабулни ташкил қилиш ва 2020/2021 ўқув йилига тайёргарлик кўриш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказди.

«Сўнгги йилларда олий таълим тизимидаги ўзгаришлар натижасида ёшлар ва уларнинг ота-оналарида ўқишга ишонч ортди. Ҳужжат топшириш тўлиқ масофавий шаклда амалга оширилгани аҳолига катта қулайлик яратмоқда.

Жорий йилда мамлакатимиздаги олий таълим муассасаларига (ОТМ) бакалавриат босқичига 162 364, магистратурага 10 425 ўрин ажратилган.

Бу йил 91та ОТМга бакалавриат йўналиши бўйича 1 миллион 484 минг нафар абитуриент ҳужжат топширган бўлиб, бу ўтган йилгига нисбатан 39 фоиз кўп. Битта ўринга 10,6та талабгор тўғри келмоқда.

Магистратура йўналишида 72та таълим даргоҳига 78 минг 720 нафар ёки ўтган йилгига нисбатан 3 баробар кўп ҳужжат топширилган. Умуман, қабул квоталари 2016 йилгига нисбатан 3 марта ортган.

Бугунги кунда ўқишга қабул қилиш тестлари қачон, қаерда ва қандай тартибда ўтказилиши ҳамда 2020/2021 ўқув йилида таълим жараёни қандай ташкил этилиши барчани ўйлантирмоқда. Бунга сабаб, табиийки, турмуш тарзимизни ўзгартириб юборган коронавирус пандемияси.

Шу боис Президент Шавкат Мирзиёев бугун тақдимот чоғида ушбу омилни ҳисобга олган ҳолда кун тартибидаги масалалар юзасидан қатор вазифаларни белгилаб берди», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Жумладан, тест имтиҳонларини абитуриентлар ва назоратчилар учун эпидемиологик хавфсизликни таъминлаш имконини берадиган жойда ўтказиш кераклиги қайд этилган.

Ёпиқ бинолар эпидемиологик талабга жавоб бермаслигини, ижтимоий масофага риоя қилинган тақдирда имтиҳонлар вақти анчага чўзилиб кетишини инобатга олиб, тест синовларини Тошкент ва Нукус шаҳарлари, вилоятлар марказларидаги стадионларда ташкил этишга топшириқ берилди. Бунда имтиҳонлар кунига 2 марта (ҳаво салқин пайтда) ўтказилса, барчасини тахминан 12-14 кунда якунлаш мумкин.

Мутасадди вазирлик ва идораларга стадионларни тест синовларига пухта тайёрлаш, уларнинг дислокацияси бўйича абитуриентларни тўлиқ хабардор қилиш юзасидан кўрсатмалар берилди.

Давлат раҳбари имтиҳонларнинг санасини Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Санитария-эпидемиология хизматининг эпидемиологик вазият борасидаги хулосасидан келиб чиққан ҳолда белгилаш, аҳоли саломатлигига хавфсизлигини таъминлаш лозимлигини таъкидлади.

Тест синовларини шаффоф ҳолда ўтказиш учун, ёшларни ортиқча сарсон қилмаслик мақсадида Таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси, ҳокимликлар, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Давлат хавфсизлиги хизмати томонидан зарур чоралар кўрилади.

 

Мавзу
Абитуриент-2020
20 июнь куни ОТМларга ҳужжат қабул қилиш бошланди. Имтиҳонлар 1 август куни бошланиши режалаштирилмоқда.
Барчаси
Top