23:26 / 13.08.2020
15674
Гамалея марказида Россиянинг коронавирусга қарши вакцинаси танқид қилинаётгани сабаби тушунтирилди

Россиянинг коронавирусга қарши биринчи вакцинаси танқид қилинаётгани бозордаги рақобат билан боғланган бўлиши мумкин. Бундай фикрни вакцинани ишлаб чиқишда иштирок этган Н.Гамалея номидаги эпидемиология ва микробиология тадқиқот маркази раҳбари Александр Гинцбург билдирди.    

Фото: Н.Гамалея номидаги эпидемиология ва микробиология тадқиқот маркази

“Ўйлаб кўринг, агар Россия вакцинаси туфайли муайян одамлар, муайян фирмалар кўплаб миллиард доллардан маҳрум бўлса, қандай муносабатни кўрган бўлардингиз? Ҳали бўш бўлган, ўнлаб йиллар олдинга ҳар бир ампула, ҳар бир флакон тақсимлаб бўлинган ушбу бозорда ҳозирда Ғарбий Европа ва АҚШ бозорида пайдо бўладиган маҳсулотга нисбатан катта эҳтимол билан анча яхшироқ бўлган қўшимча ампула ва флаконлар пайдо бўлишини ҳеч ким кутмаган”, дб айтган Гинцбург “Россия 1” телеканали эфирида.      

У Россия вакцинаси мутлақ хавфсиз экани ва Россиядаги барча қонунларга риоя қилинган ҳолда рўйхатдан ўтказилганини навбатдаги марта такрорлаб ўтган.

“Бу аниқ пуллар учун курашдир. Бошқача муносабат бўлиши ҳам мумкин эмасди. Жиддий рақобатчи маҳсулотни олқишлар билан кутиб олишади, деб ўйлаш соддалик бўларди”, деб қўшимча қилган мутахассис.  

Гинцбургнинг таъкидлашича, вакцинанинг ҳимояловчи хусусиятлари у киритилгандан кейин камида икки йил сақланиб қолади. Бундан ташқари, қоннинг резус-фактори вакцина билан эмлаш вақтида аҳамиятга эга бўлмайди.

11 августда Россия президенти Владимир Путин Россияда дунёда биринчи бўлиб коронавирусга қарши вакцина рўйхатдан ўтказилганини эълон қилди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, “Спутник V” деб номланган вакцинанинг клиник синовлари вақтида барча кўнгиллиларда коронавирусга қарши антитаналар ҳосил бўлган, уларнинг ҳеч бирида жиддий асоратлар кузатилмаган. 

Вакцина синовининг 3-босқичи 12 августдан бошланди. Вакцина мушак остига киритиш учун мўлжалланган суюқ ҳолатда бўлади. У билан 2 босқичда эмлаш режалаштирилган: эмлаш дастлаб компонент I билан, 3 ҳафта ўтгач эса компонент II билан ўтказилади.

Бироқ бир қатор ғарб давлатларида Россиянинг вакцинаси танқид остига олинди. Жумладан, Германияда вакцинанинг сифати, самарадорлиги ва безарарлиги  ҳақида маълумотлар йўқлиги ва у синовларнинг 3-босқичидан ўтказилмагани айтилган. АҚШда эса вакцина жуда кам синалгани ва АҚШда ишлаб чиқилаётган вакциналардан ортда қолаётгани таъкидланган.

Top