22:16 / 18.08.2020
6318
БМТ вакили: «Шавкат Мирзиёевнинг Ёшлар ҳуқуқлари конвенциясини ишлаб чиқиш таклифи дунё давлатларида қизиқиш уйғотмоқда»

Бугун, 18 август куни АОКАнинг анжуманлар залида «Ёшлар-2020: глобал ҳамжиҳатлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари» мавзусидаги Самарқандда ўтган веб-форум якунларига бағишланган матбуот анжумани ташкил қилинди.

Тадбирда журналистлар спикерларга Самарқанд форумида муҳокама қилинган Ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро конвенцияга ривожланган давлатлар томонидан қанчалик рағбат ва қизиқиш билдирилаётгани ва ўзбекистонлик ёшлар томонидан берилган таклифлар ушбу ҳужжатда қанчалик акс этиши борасида савол беришди.

Саволга дастлаб БМТнинг Наркотиклар ва жиноятга қарши кураш бўйича бошқармаси минтақавий вакили Ашита Миттал жавоб берди.

Унга кўра, президент Мирзиёев билдирган бу таклиф кўплаб давлатларда ва ёшларда қизиқиш уйғотган.

«Саволга жавобан шуни айтмоқчиманки, БМТнинг йирик бир конвенциясини қабул қилиш қисқа вақтда амалга ошадиган иш эмас. У жуда узоқ вақт ва жараёнларни талаб қилади.

Биз бундай таклифларни олқишлаймиз ва у БМТ бош котибининг ёшлар масалаларига қаратилган стратегиясига ҳам тўла мос келади.

Ўйлайманки, ушбу конвенцияга уни тайёрлашга кетадиган узоқ вақт давомида дунёнинг барча давлатлари ёшлари ўз таклифларини беришади», – дея БМТ вакилининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Ашита Миттал шунингдек, UNICEF томонидан қўллаб-қувватланаётган «u-report» лойиҳаси бўйича 10 мингдан ортиқ ёш респондентлар орасида ёшлар учун қайси эҳтиёжлар энг юқорилиги борасида сўровнома ўтказилгани ва унинг натижалари бўйича ҳам маълумот берди.

«Сўровнома натижалари дунё ёшларининг биринчи ўринда таълим олиш, иш билан бандлик (меҳнат қилишга) ва инсон ҳуқуқлари бўйича ҳуқуқлари таъминланишини хоҳлаашини кўрсатди.

Бундан ташқари, ёшлар ҳеч қачон муҳтож бўлишни исташмайди.

Улар шунингдек, қандайдир камситишлар ва дискриминацияни қоралашган. Жавоблар орасида йигит ва қизларнинг тенг ҳуқуққа эга бўлишини хоҳлаганлар ҳам жуда кўп», – деди Ашита Миттал.

БМТнинг Наркотиклар ва жиноятга қарши кураш бўйича бошқармаси минтақавий вакили Ашита Миттал

Матбуот анжумани давомида Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори Акмал Саидов ҳам конвенция дунёнинг ривожланган давлатлари томонидан қандай кутиб олингани борасида фикрларини билдирган.

«Мен Самарқанд форумида тушган таклифларни йиғиб чиқдим. Иштирокчи ёшлар жами 26 моддадан иборат конвенцияга яна 14 та янги модда қўшиш керак деган таклифни беришяпти.

Улар бу таклифларни матнларигача тайёр ҳолда беришган. Тўғри, бу таклифлар устида ҳали кўп ишлаш керак, лекин барибир таклифлар бизни хурсанд қилади.

Бу таклифлар ичида ёшларнинг таълим олиши, уюшган ҳолда ва тинч йиғилишлар ўтказиш, фавқулодда ҳолатлар шароитида ва  қуролли можаролар даврида ҳимояланиш ҳуқуқлари келтирилган.

Ёшлар шунингдек, ўз соғлиғини муҳофаза қилиш, ижтимоий таъминотга эга бўлиш, меҳнат қилиш, фикрлаш ҳамда виждон эркинлиги борасидаги ҳуқуқлари тўла таъминланишини ҳам хоҳлашмоқда.

Бу таклифлар Ўзбекистоннинг барча худудларидаги ёшлардан тушяпти.

Бундан ташқари, фикр ва таклиф билдирган ёшлар конвенцияда имконияти чекланган ёшларга алоҳида бўлим очиш таклифини ҳам билдиришган.

Масалан, бу болалар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияда йўқ», – деди Акмал Саидов.  

Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори Акмал Саидов

Ҳуқуқшуносга кўра, Самарқанд форуми давомида йиғилган таклифлар эндиликда БМТнинг Ўзбекистондаги вакиллари, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ҳамда бошқа халқаро экспертлар иштирокида умумлаштирилади.

«Ашита Миттал хоним жуда тўғри айтди. БМТда қандайдир конвенция қабул қилиш жуда қийин жараёнлардан ўтади.

Ҳа, сиз тўғри савол бердингиз, ривожланган мамлакатларнинг бу таклифга муносабати ҳам жуда муҳим.

Уларда ҳам конвенцияга эътибор катта. Улар Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг 40 фоиз аҳолисини ёшлар ташкил қилиши, бу ташкилотга 57 та давлат аъзолиги ҳамда  конвенцияга ҳеч ким бефарқ бўлмаслигини айтишмоқда.

Бундан ташқари, ҳозирда дунё аҳолисининг 23 фоизни, яъни салкам 2 миллиард нафарини ёшлар ташкил қилади. Бу бутун дунёда аҳоли сонига нисбатан ёшларнинг ўрни энг кўп бўлган давр. Лекин қайтараман, конвенцияни қабул қилиш аста-секинлик билан бўладиган иш», – деди Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директори.

Top