09:22 / 19.08.2020
3295
ЙПХ масканидан гиёҳвандлик воситасини олиб ўтмоқчи бўлган шахс ушланди

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 25,273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

2020 йилнинг 12 август куни соат 21:00да Наманган шаҳрида жойлашган “Ангор” ЙПХ назорат масканида, Наманган-Поп йўналиши бўйича ҳаракатланиб кетаётган фуқаро А.К.га тегишли бўлган Nexia русумли автомашина тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилган.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, унда йўловчи сифатида келаётган 39 ёшли Т.Т.нинг ўриндиғи тагидан, қора рангли полиэтилен пакет парчасига ўралган, жигарранг ўткир ҳидли, соф оғирлиги 482,62 грамм “гашиш” гиёҳвандлик моддаси борлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинган.

Ҳолат юзасидан Наманган шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25,273-моддаси 5-қисми билан (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни кўп миқдорда қонунга хилоф равишда сотишга суиқасд) жиноят иши қўзғатилган.

Дастлабки тергов жараёнида, Т.Т. мазкур гиёҳвандлик воситасини 2 млн. сўм ҳақ эвазига Янгиқўрғон туман марказида “А” исмли шахсдан Поп шаҳри марказида кутиб турган ўзига нотаниш бўлган шахсга етказиб бериш учун олиб кетаётганлигини билдирган.

Жиноят иши бўйича Т.Т.  айбланувчи тариқасида жалб қилиниб, унга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда, мазкур жиноятга алоқадор бўлган шахсларни аниқлаш чоралари кўрилмоқда.

Top