00:25 / 25.08.2020
22288
Месси ва Роналдунинг даври ўтди. Чемпионлар лигаси якунлари

23 август оқшомида Лиссабондаги «Да Луж» стадионида кечган финалда мюнхенликлар «ПСЖ»ни мағлуб этишди (1:0) ва олтинчи марта Чемпионлар Лигаси кубогини қўлга киритишди. 

Фото: Getty Images

Қуйида ҳар сафаргидан бошқача ўтказилган бу турнирдаги қаҳрамонлар, сенсациялар, рекордлар ва муваффақиятсизликлар ҳақида келтирилади.

Энг яхши тўпурарлар
1.Роберт Левандовски, «Бавария» (15 гол, 10 ўйин) 
ЕЧЛнинг бу мавсумида польшалик форвардга ҳеч ким тенг кела олмади. Финалгача Роберт ўзи иштирок этган ҳар бир ўйинда гол урди. «ПСЖ»га қарши баҳсда Левандовски сериясини тўхтатди, аммо у парижликлар дарвозасига гол урмасдан ҳам турнирнинг энг яхши тўпурари ва мюнхенликларнинг муваффақияти калити бўлди.

2. Эрлинг Ҳоланд, «Зальцбург», «Боруссия» Дортмунд (10 гол, 8 ўйин) 
Бир йил муқаддам бу фамилияни ЕЧЛ тўпурарлари рўйхатининг юқори қисмида кўриш ҳеч кимнинг хаёлига келмагани аниқ. Ёш норвегиялик гуруҳ босқичида «Зальцбург» учун 8 гол урди ва  бутун дунёнинг нигоҳини ўзига қаратди, унинг голлари австрияликлар жамоасига қийин гуруҳдан чиқишга имкон бермади ва у қишки трансферлар вақтида  «Боруссия»га ўтди ҳамда янги жамоаси рақиблари дарвозасига икки гол йўллади. Ажойиб натижа! Ҳоланд ҳали эндигина 20 ёшда. 

3. Серж Гнабри, «Бавария» (9 гол, 10 ўйин) 
Серж кўп ўйинларда Левандовскийнинг соясида қолди. Аммо, у катта саҳнага чиққан вақтлари рақиблар дарвозсига голлар ёмғири ёғдирди. «Арсенал»нинг собиқ футболчиси бўлмиш Гнабри айниқса инглиз клубларини аямади («Тоттенҳэм»га 4та, «Челси»га 2та гол урди). Бундан ташқари, у «Лион» дарвозасини икки бор ишғол этди. Фақат «Барселона» бу вингердан биттадан ортиқ гол ўтказмади.

Энг яхши ассистентлар
1. Анхель Ди Мария, «ПСЖ» (6 узатма, 9 ўйин) 
Ди Мария кўп марта гол уришдан кўра голли узатма беришни ёқтиришини намойиш этган. Турнирнинг бу мавсумида ҳам у ўзи ёқтирган ишни бажарди ва шерикларини жами 6 ассист билан таъминлади. Шундан ярми бир ўйинга тўғри келган. «Брюгге»га қарши ўйинда Анхель Мбаппега икки, Икардига бир гол уришда ёрдам берган. 

2. Ҳаким Зиёш, «Аякс» (6 узатма, 10 ўйин) 
«Аякс» Чемпионлар лигасининг плей-офф босқичига чиқа олмади, аммо Зиёш турнирнинг энг яхши ассистентлари учлигига кира олди. У саралаш баҳсларида 2, гуруҳ босқичида 4 голга узатмани амалга оширган. Коронавирус туфайли Нидерландия чемпионати эрта якунлангач, «Челси» сафига келиб қўшилган марокашлик футболчи якунланган мавсумда «Аякс»нинг энг ёрқин ўйин кўрсатган футболчиси бўлди. 

3. Килиан Мбаппе, «ПСЖ» (5 узатма, 10 ўйин) 
Роберт Левандовски, «Бавария» (5 узатма, 10 ўйин) 
ЕЧЛ финалида Мбаппе ва Левандовскидан бири турнирнинг энг яхши ассистентига айланиши ҳам мумкин эди, аммо финалга чиққан икки жамоа ҳам ҳимояда ишончли ҳаракат қилди ва ушбу форвардлар ассистентлар рейтингида учинчи ўрин билан кифояланишга мажбур бўлишди. Бу натижага икки футболчи турлича эришган. Француз ҳужумчиси бутун турнир давомида ассистентлик қилган бўлса, польшалик футболчининг барча ассистлари плей-офф босқичига тўғри келади. Мбаппе 5 ассистдан ташқари, 5 гол урди, Левандовски эса юқорида келтирилганидек 15 гол билан турнир тўпурарига айланди.

Энг кўп «қуруқ» ўйин ўтказган дарвозабонлар
1. Мануэль Нойер, «Бавария» (6 «қуруқ», 11 ўйин) 
Чемпионлар лигаси финалида ухлаб қолмаган мухлислар биринчи ўринда Мануэлни кўриб ҳайрон бўлишмайди. Турнирнинг асосий ўйинидаги қаҳрамонликларисиз ҳам ушбу 34 ёшли дарвозабон фаолиятидаги яна бир ёрқин мавсумни ўтказди. Июль ойида Нойер ўзини ҳамон дунёнинг энг яхши дарвозабони деб атаганди, статистикага қараб у билан баҳслашиш мушкул эканини кўриш мумкин. 

2. Кейлор Навас, «ПСЖ» (5 «қуруқ», 9 ўйин) 
«Реал»га керак бўлмай қолгач, Парижга йўл олган коста-рикалик дарвозабон ҳамон юқори спорт формасида эканини намойиш этди. Энг кўп «қуруқ» ўйин ўтказган дарвозабонлар орасида «ПСЖ» посбони энг кам гол ўтказиш бўйича биринчи – атиги 6 гол. 

3. Ян Облак, «Атлетико» (4 «қуруқ», 9 ўйин) 
Ян Облак юқорироқ ўринлар учун курашиши мумкин эди, аммо жамоадошлари уялтиришди. Бу мавсумда «Атлетико» ўзига ўхшамади ва ЕЧЛни ҳақли равишда чорак финалдаёқ тарк этди. Мадридликлар ҳимояси аввалгидек мустаҳкам бўлганида дарвозабон юқори натижа кўрсатиши тайин эди. FourFourTwo портали баҳорда уни дунёнинг энг яхши дарвозабони сифатида эътироф этганди.

Мавсум кашфиётлари
1. Эрлинг Ҳоланд, «Боруссия» Дортмунд 
Албатта, турнирнинг энг асосий кашфиёти – Эрлинг Ҳоланд бўлди. Норвегиялик ҳужумчининг ақл бовар қилмас ўйинлари уни бир мавсумдаёқ юлдузга айлантирди ва трансфер нархини осмонга кўтарди. 2019 йилнинг июнида у 5 млн еврога баҳоланган бўлса, 2020 йил апрелига келиб унинг трансфери учун 72 млн евро талаб этилмоқда. Ҳозирда Эрлинг 21 ёшгача бўлган футболчилар орасида энг қимматбаҳо футболчидир. 

2. Альфонсо Дэвис, «Бавария» 
Канадиялик ҳимоячи учун Чемпионлар лигасидаги дебют мавсуми ўта муваффақиятли бўлди. Бу турнирда у 4 ассист амалга оширди, ўзининг фантастик тезлиги ва техникаси билан барчани лол қолдирди. «Челси», «Барселоны» ва бошқа клубларнинг ўнг қанот ҳимоячилари учун ушбу канадалик қўрқинчли тушга айланди. Германия футболчилари иттифоқи Дэвисни бежизга Бундеслигада мавсумнинг асосий кашфиёти сифатида тан олишмади, «Бавария» мухлислари эса уни май ойида жамоанинг энг яхши футболчиси деб эътироф этишганди. 

3. Йосип Иличич, «Аталанта»
Юқоридаги икки футболчидан фарқли равишда, Иличич ёш йигитча эмас. Ҳа, уни мухлислар аввалдан танишади. Аммо айнан 2019 йилда у чиндан очилди фаолиятидаги энг зўр мавсумни ўтказди. Чемпионлар лигасида словениялик футболчи беш гол уришга эришди, шундан тўрттаси «Валенсия»га қарши ўйинга тўғри келди. Агар у ёздаги ўйинларда ҳам сафда бўлганида «Аталанта» узоқроққа бориши ҳам мумкин эди.

Асосий сенсациялар
1. «РБ Лейпциг», «Лион» ва «Аталанта»
Нагельсман, Гарсия ва Гасперинининг жамоалари бу мавсумда мухлисларга ҳақиқий мўъжизаларни туҳфа этишди. Топ-клублардаги каби пулларга эга бўлмасдан, таркиблари юлдузларга тўлмасдан, «Лейпциг» ва «Лион» клублари турнирнинг ярим финалига қадар етиб келишди, бу жамоалар плей-оффада «Тоттенҳэм», «Атлетико», «Ювентус» ва «Манчестер Сити» каби номдор рақибларни турнирдан чиқариб юборишди. Немис ва французлар клубига мавсумни ёрқин ўтказган «Аталанта» ҳам қўшилиши мумкин эди, аммо Гасперини жамоаси чорак финалда «ПСЖ»га қарши ўйиннинг сўнгги дақиқаларида ғалабани қўлдан чиқарди. Аммо шу натижанинг ўзи ҳам дунёни ҳайратлантириш учун етарли бўлди. 

2. «Барселона» — «Бавария» — 2:8
Каталонияликларнинг мюнхенликларга қарши ўйини олдидан ҳам «Бавария» фаворит ҳисобланаётганди, аммо ҳеч ким чорак финал ўйини Сетьен жамоаси учун бундай шармандали ҳисоб билан якунланишини тахмин қилолмасди. Бир ўйинда 8 гол ўтказилиши «Барса» тарихида 74 йил муқаддам кузатилганди, финал ҳуштаги янграгач барча мағлубларга ачиниб қарай бошлади ва 2014 йилги жаҳон чемпионатининг ярим финалини ёдга олди, ўшанда Бразилия Германияга 1:7 ҳисобида ютқазганди.

3. «Бавария»
Ҳозирда бу абсурд кўринади, аммо «Бавария»нинг якунланган мавсумда ЕЧЛ ғолиби бўлишини сенсация деб аташ мумкин. Бунга ишонтириш учун мавсум бошидаги клубни эслаш кифоя. Ўтган йилнинг ноябрида мюнхенликлар Бундеслигада тўртинчи ўринда боришар, кубокда кучсиз жамоаларга қарши ўйинларда қийналишар ва ички зиддиятлар авж олганди. Кейин жамоа бош мураббийни алмаштирди ва  жамоа оқсоқланаётган гранддан Европанинг энг яхши клуби даражасига қайтди. Атиги ярим йил ичида. Ахир бу сенсация эмасми?

Асосий кўнгилсизликлар
1. Месси ва Роналду
Албатта, мавсумни на Месси учун, на Роналду учун омадсиз мавсум деб атаб бўлмайди. Аммо уларнинг ўзи мавсумдаги натижаларидан қониқмасликлари табиий. Биринчидан, 14 йил ичида илк марта уларнинг иккиси ҳам яримфиналда бўлишмади. Иккинчидан, 13 йил ичида илк марта улардан бошқа футболчи турнирнинг энг яхши тўпурари бўлди. Учинчидан, Роналду ЕЧЛ ўйинларидаги гол+пас статистикаси бўйича (4 гол, бир узатма) 2004/2005 йилги мавсумдан буён энг ёмон кўрсаткичини қайд этди, Месси учун эса (3 гол, 4 голли узатма) бу мавсум 2006/2007 йилги мавсумдан буён энг ёмони бўлди (2015/2016 йилги мавсумда ҳам у жароҳат туфайли барча ўйинларда майдонга туша олмаган ва 6 гол уриб, бир голли узатма билан кифояланганди). Кўринишидан, бу икки «ўзга сайёралик»нинг даври тугади. 

2. Коронавирус
Чемпионлар лигаси эпидемия туфайли Европадаги бошқа турнирлардан кам зарар кўрмади. Коронавирус туфайли жорий мавсумда ЕЧЛнинг плей-офф учрашувлари чорак финалдан Лиссабондаги нейтрал стадионларда томошабинларсиз ва «саккизлик финали» форматида ўтказилди. Ҳозирда кўпчиликка бу формат яхшироқ кўринмоқда, унинг афзалликлари ва камчиликлари ҳақида баҳслар кетмоқда. Аммо плей-офф ва финал мухлисларсиз, стадионлардаги байрамларсиз ўтказилди. 

Асосий рекордлар
1. «Бавария» барча ўйинларда ғолиб чиқди
ЕЧЛнинг асосий рекорди, албатта, «Бавария»нинг тарихий натижасидир. Мюнхенликлар барча ўйинларида ғалаба қозонишди, гуруҳ босқичида «Црвена Звезда», «Тоттенҳэм» ва «Олимпиакос» икки мартадан, нимчорак босқичда «Челси» икки марта, чорак финалда «Барселона», ярим финалда «Лион», финалда «ПСЖ». Қайд этиш керакки, немислар эпидемия туфайли формат ўзгаргач, одатдаги мавсумларда ғолиб чиқадиган жамоалардан иккита кам ўйин ўтказишди, аммо бу факт уларнинг натижасига дахл қила олмайди. 

2. «Бавария» плей-оффнинг бири ўйинида 8 гол урди
«Барселона»ни яксон этган «Бавария» турнир тарихида плей-офф босқичининг бир ўйинида шунча гол урган илк жамоага айланди. Яқин вақтлар ичида бу рекорд янгиланиши даргумон.

3. Левандовскининг покери ва Неймарнинг алдаб ўтишлари
Қайси рекордни олдинроққа қўйишни аниқлаш қийин, шу туфайли бу қатордан икки футболчи ҳам ўрин олди. Уларнинг иккиси ҳам ўз ишини маҳорат билан уддалашди. «Црвена Звезда» дарвозасига 15 дақиқа ичида 4 гол йўллаган Левандовски турнир тарихидаги энг тезкор покерни расмийлаштирди. Неймар эса чорак финалда «Аталанта»га қарши ўйинда рақиб футболчиларини 16 марта алдаб ўтди ва Чемпионлар лигасида бу борада рекорд ўрнатди (Opta портали бир ўйиндаги алдаб ўтишлар сони бўйича ҳисобни 2009/2010 йилги мавсумдан юрита бошлаган). Фантастика!

Top