20:53 / 27.08.2020
5816
Австрия канцлери мамлакатда пандемия қачон тугаши мумкинлигини айтди 

Австрия коронавирус пандемияси сабабли қийин куз ва қишни бошдан ўтказади. Бу даврда коронавирусга қарши чоралар кучайтирилиши мумкин. Бироқ 2021 йил давомида мамлакат аҳолиси яна одатдаги турмуш тарзига қайтишига умид бор. Бундай фикрни Австрия канцлери Себастьян Курц билдирди.

Себастьян Курц / Фото: AP

“Қишдан кейин вазият яхши томонга кескин ўзгариши мумкин, биз бунга умид қилмоқдамиз. Бунга аҳолининг эмланиши ва коронавирусга қарши самарали дорилар мавжудлиги кўмак бериши керак”, деб айтган канцлер.

Унинг айтишича, айни вақтда бутун дунёда вакцина ишлаб чиқиш устида ишлар олиб борилмоқда. Европа иттифоқи ўз фуқароларини вакциналар билан таъминлайди. Бу вакциналар пандемияни самарали назорат қилишга олиб келиши керак.

Курцнинг таъкидлашича, коронавирусни ва унга антитаналарни аниқловчи мавжуд тестларга қўшимча равишда ишончли экспресс-тестлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Бу пандемияни тезроқ назоратга олишга ёрдам беради. Унгача эса аҳоли мураккаб куз-қиш мавсумига тайёр туриши лозим, деб таъкидлаб ўтган Австрия канцлери.

Ҳозирда Австрияда коронавирусга чалинганлар сони 26 мингдан кўпроқни ташкил қилмоқда, вирусдан 733 киши вафот этган.

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top