08:24 / 27.08.2020
2539
Европа иттифоқи комиссари карантин режимини бузгани учун истеъфога чиқди
Фото: Yves Logghe / AP

Европа иттифоқининг савдо бўйича комиссари Фил Хоган Ирландияда  карантин режимини бузгани билан боғлиқ сиёсий можаро сабабли истеъфога чиқди. Бу ҳақда Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен маълум қилди.

“Мен унинг қарорини ҳурмат қиламан. Унга савдо бўйича комиссар сифатидаги тинимсиз фаолияти ҳамда аввалги ҳайъат таркибида қишлоқ хўжалиги бўйича комиссар лавозимида юритган муваффақиятли иши учун миннатдорлик билдираман. Мен унга келгусида энг яхши тилакларни билдириб қоламан”, деб айтган фон дер Ляйен.    

Хоганнинг кетишига сабаб бўлган можаро яқинда юз берган. У Ирландия ғарбида жойлашган меҳмонхонада гольф клуб уюштирган базмда иштирок этган. Базмда 80 га яқин меҳмон қатнашган. Эндиликда собиқ еврокомиссар бу билан Ирландия ҳукумати коронавирусга қарши киритган чекловларни қўпол равишда бузган. 

Бу базмда иштирок этган яна бир амалдор - Ирландия қишлоқ хўжалиги вазири Дара Каллири лавозимини бажаришга киришгандан 5 ҳафта ўтгач истеъфо берган. Хоган ушбу қоидабузарлик учун халқидан узр сўраган, бироқ ҳеч қандай қонунларни бузмагани айтган.

“Мен ҳеч кимга хавф солмаганман”, деб айтган Хоган ва ўзини оқлаш мақсадида яқинда коронавирусга топширган таҳлили унда вирус йўқлигини кўрсатганини маълум қилган. 

Хоган Ирландияга сафари хавотир ва ташвиш келтириб чиқарганидан афсусда эканини айтган. “Мен Ирландияда коронавирусга қарши киритилган чекловларга доим амал қилишга ҳаракат қилганман”, деб қўшимча қилган собиқ еврокомиссар.

У Ирландияга сафари вақтида йўл қўйган хатолари учун ўз халқидан кечирим сўраган ҳамда жамият ва жаҳон иқтисодиёти пандемия вақтида тўқнаш келган синовларни тўлиқ англашини айтган.

“Мен коронавируснинг одамлар ва оилаларга вайронкор таъсирини тўлиқ англайман ҳамда улар [халқ] давлат хизматидаги бирор киши тегишли меъёрларга тўғри келмаслиги ҳақида ўйлаганларида уларда пайдо бўладиган ғазаб ва ранжиш ҳиссини тушунаман. Бироқ таъкидлаб ўтиш муҳим, мен ҳеч қандай қонунни бузмаганман”, деб таъкидлаб ўтган Хоган.   

Шу воқеадан кейин Ирландия ҳукумати Хогандан ўзини нари тута бошлаган. Ирландия бош вазири Майкл Мартин ва бошқа сиёсатчилар Хоган пандемияга қарши кураш чораларини яққол бузганини айтишган. 

Ирландия соғлиқни сақлаш вазири Хоганнинг ўзини оқлашини қабул қилмаган. Унинг таъкидлашича, коронавирусга таҳлил ҳар доим ҳам касалланиш бор-йўқлигини аниқлай олмайди. Бундан ташқари, Хоган Ирландияга келган Бельгия пандемия борасида хавфсиз давлатлар қаторига кирмайди, шу сабабли сиёсатчи Ирландияга келгач икки ҳафталик карантинга амал қилиши керак эди.

Top