08:32 / 27.09.2020
8810
Коронавирус жаҳон сиёсати ва тиббиётидаги заиф жиҳатларни кўрсатиб қўйди
Фото: EPA/Vostock-photo

Тиббиёт тарихида пандемия расман илк бора қайд этилмоқда. Тўғри, йигирманчи аср бошида «испанка» деб ном олган грипп ҳам тарқалган ва ундан миллионлаб одамлар қирилиб кетган. Аммо бу пандемия кейинроқ, жаҳон тиббиёти умумлашиб, маълум тизимга солинганидан кейинги ўрганишлар натижасида қайд этилган. Коронавирус эса барчаси аниқ қоидаларга асосан ҳаракатланувчи дея баҳоланган замонавий тиббиёт қайд этган илк пандемия бўлди ва ҳаммани мураккаб аҳволга тушириб қўйди.

Хўш, дунё медицинаси ва умуман сиёсатининг қандай заиф нуқталари сезилиб қолди:

1. Вируснинг келиб чиқиши бўйича тахминларнинг ўзиёқ гигант давлатлар ўртасида жарлик ҳосил қилди. АҚШ дарҳол Хитойдан гумонсиради, Хитой ҳаммасини рад этди ва бошқа давлатларни ишни тўғри ташкиллаштира олмасликда айблади. Баҳсларга қарамай бу борада якуний тўхтамга келинмади. Вируснинг келиб чиқиши бўйича ҳамон ҳар хил қарашлар мавжуд;

2. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) амалда узил-кесил қарор чиқара олмайдиган, шунчаки тавсиялар берувчи ва реал кучга эга бўлмаган ташкилот эканлиги маълум бўлиб қолди. Ҳатто унинг тавсиялари ҳам кўп давлатлар томонидан турлича қабул қилинди. АҚШдек қудратли давлат ҳатто бу ташкилотни тарк этишини билдирди ва унинг келгуси тақдири янада мавҳумлашди;

3. Давлатлар ҳатто бутун инсоният учун реал хавф қаршисида ҳам бирлаша олмаслиги аён бўлди. Ҳамма ўзича ҳаракат қилди, касаллик ягона бўлсада, унга қарши курашда ҳақиқий ҳамжиҳатлик кузатилмади, ҳатто касаллик кириб келишида қўшнисини айблаганлар ҳам бўлди;

4. «Дарвозамни тақа-тақ ёпиб оламан ва ўз уйимни ҳимоя қиламан» деган принцип ўзини оқламади. Чегаралар ҳар қанча мустаҳкамланмасин, бу вирус кириб бормаган ва тарқалмаган давлат қолмади, билъакс, тўсиқлар қўйишлар ортидан иқтисод ақл бовар қилмас даражада зарар кўрди;

5. Вакцина яратиш бўйича ҳам ўзига хос пойгага киришилди ва кучлар бирлаштирилмади. Бутун одамзод рўбарў келиб турган хавф қаршисида ҳам даромад ва обрў кетидан қувилаверди;

6. Дорилар масаласида ҳам якуний тўхтамга келинмади. Вирус ягона бўлсада (албатта, кичик гуруҳдаги штаммлари ҳисобга олинади) бир йилга яқин вақт ўтяптики, жаҳон тиббиёти унга қарши бирорта самарали дори воситаси билан мақтана олмайди. Камига бир неча бир-бирига зид услублар пайдо бўлди ва бир-бирини рад этди;

7. Ер шарининг аксарият аҳолиси элементар гигиена қоидаларига амал қилишни билмаслиги ёки амал қилишига шароит йўқлиги билиниб қолди. Ҳалигача жуда кўпчилик томонидан ниқоб жарима ёзилмаслиги учун, дезинфекция ва қўлни ювиш мажбурият бўлгани учун амалга оширилмоқда.

Энг муҳими – БМТ, ЖССТ каби ташкилотлар инсониятни саросимадан қутқара олувчи, таназзулга учраётган қатор соҳаларга йўл кўрсатувчи аниқ ва самарали дастурни кўрсата билмади ҳамда бундай касалликлар қаршисида ожизликларини сездириб қўйди.

Аброр Зоҳидов.

Top