23:15 / 06.10.2020
5965
«Яқин йиллар ичида ҳокимларни сайлаш тизимига ўтамиз, лекин бу қачон бўлишини айтолмайман» – Танзила Норбоева

Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева ҳокимлар албатта сайланиши кераклиги, бироқ бу жараён босқичма-босқич бир неча йил давомида амалга оширилишини айтиб ўтди. У бу ҳақда бугун – 6 октябрь куни Тошкент вилояти ҳокимлигида бўлиб ўтган Сенати кенгашининг сайёр мажлисидан сўнг ташкил этилган матбуот анжуманида маълум қилган.

«Ҳокимлар сайлови масаласида давлатимиз раҳбари бир неча бор айтганди. Менимча икки йил олдин Парламентга мурожаатида ҳам бу ҳақда гапирганди. Ҳокимлар сайлови бўлиши керак. Албатта, бу демократик давлатларнинг ҳаммасида мана шундай жараён, сайлов орқали маҳаллий ижро органлари сайланади. Бизда ҳам шу жараёнга қадамлар қўйиляпти. Куни кеча ҳам видеоселекторда давлатимиз раҳбари буни яна бир бор таъкидлаб ўтди. Лекин қачон бўлади, деган саволингизга мен ҳозир аниқ жавоб беролмайман.

Бизда ҳаммаси босқичма-босқич бўлаяпти. Биз ҳали ҳокимлар сайловига ўзимиз тайёр эмасмиз. Тассавур қилинг, мана куни кеча Россия Федерациясининг қайсидир провинциясида ободонлаштириш соҳасида ишлайдиган бир аёлни губернатор қилиб сайлаб қўйишди. Нима бўлсаям аҳолининг ўша ердаги губернатордан безиганидан бўлган-да бу нарса. Ким бўлсаям ўша бўлмасин деган дунёқараш бўлган маҳаллий аҳолида. Менимча бу жараёнга одамлар ҳам тайёр бўлиши керак», дея Норбоеванинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Сенат раиси ҳокимларнинг сенатор бўлиши борасида жамоатчиликда эътирозлар кўп экани хусусида ҳам тўхталиб, маҳаллий ижро органлари билан вакиллик органларини ҳам ажралиши кераклигини таъкидлаган. Унинг айтишича, депутатлар ижро органида ишламаслиги, ижро органида ишлайдиганлар сенатор бўлмаслиги керак.

«Аҳолимизни ҳам ҳуқуқий маданияти ортиб, бюджет нима эканлигини, қонун қанақа ишлаш кераклигини биляпти. Барча соҳада аҳолини сиёсий маданияти, сиёсий билими жудаям ошиб боряпти. Жараёнга одамларни онги тайёр бўлиб, шу ишни бажарадиган одамлар ҳам, раҳбарлар ҳам тайёр бўлиши керак-да. Нимагаки, у жараёнларни амалга оширишда эртага ҳар хил кулгили вазиятларга тушиб қолмаслигимиз керак.

Шунинг учун мен ўйлайманки, бу жараён жудаям узоққа чўзилмайди. Яқин йиллар деганимда 5 ёки 10 йил эмас, балки ундан ҳам олдинроқ мана шу ҳокимлар сайловига албатта ўтамиз.

Шу билан бирга параллел равишда ўша маҳаллий ижро органлари билан вакиллик органларини ҳам ажралиши назарда тутилган. Яъни, депутатлар бу ижро органида ишлаши керакмас, ижро органида ишлайдиганлар сенатор бўлиши керакмас. Айтганимиздай ҳокимларимизни ҳам сенатор бўлишида эътирозлар кўп. Тўғрими, ўзига ўзи топшириқ беради, дейиляпти. Лекин бу нарсалар вақтинча ва, албатта биз мана шундай демократик давлатларни даражасига етиб, ҳамма ўзини ишини қиладиган жараёнга етишамиз», дея таъкидлаган у.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 24 сентябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳокимларни халқ сайлаши кераклигини яна бир бор таъкидлаган эди.

Ҳокимлар бевосита халқ томонидан сайланиши ҳақидаги фикр илк бор 2016 йилда кун тартибига чиққанди.

«Келгусида биз маҳаллий ҳокимларни бевосита халқ томонидан сайлаш масаласи ҳақида ҳам ўйлаб, муҳокама қилиб кўришимиз керак. Ҳар бир ҳудуд ўз раҳбарини ўзи сайласа, раҳбарларнинг халқ ва жамият олдидаги масъулиятини кескин оширишга эришиш мумкин», деб айтганди давлат раҳбари 2016 йилнинг 8 декабридаги нутқида.

Ушбу ва бошқа масалалар юзасидан ислоҳотларни амалга ошириш 2017–2021 йилларга белгиланганди. Бу масала муҳокамаларга сабаб бўлган, жумладан, ўша пайтдаги Олий Мажлис Сенатининг раиси ўринбосари Светлана Ортиқова бу борада шундай деганди:

«Велосипед аллақачон яратилган, уни қайтадан ихтиро қилишга ҳожат йўқ. Халқаро тажриба мавжуд, халқ бу жараёнларда қандай иштирок этиши борасида қарашларимиз етарли. Шубҳасиз, бу ҳокимликка сайловлар бўлиб ўтадиган ҳудуддаги ҳаёт сифатига, халқнинг турмуш даражасига таъсир кўрсатади. Бу эса, жамият ва давлат турмуш даражасини белгилаб беради».

2020 йилнинг май ойида Mening Fikrim порталига жойлаштирилган ҳокимларни халқ томонидан сайлаш амалиётини жорий этиш ҳақидаги петиция 10 мингдан ортиқ овоз йиққан, гарчи электрон жамоавий мурожаат жамоатчилик томонидан етарли миқдорда қўллаб-қувватланганда у тегишлилиги бўйича Олий Мажлис палаталари ёки халқ депутатлари маҳаллий Кенгаши томонидан кўриб чиқилиши керак бўлса-да, ушбу петициянинг кейинги тақдири ҳақида ОАВда бошқа хабарлар кўзга ташланмаганди.

Top