19:41 / 16.10.2020
1882
Борис Жонсон Европа иттифоқи билан “Брексит” бўйича келишув бўлмаслигини айтди

Британия бош вазири Борис Жонсон Европа иттифоқи Лондон билан “Брексит” бўйича музокараларга нисбатан ёндашувини ўзгартирмоқчи эмаслигини ва Британия бунга тайёр туриши кераклигини айтди. 

Унинг таъкидлашича, Лондон Европа иттифоқи билан Brexit’нинг ўтиш давридан кейин савдо келишуви бўлмаслиги мумкин бўлган сценарийга тайёрланиши лозим.

“Европа иттифоқи бир неча ойдан кейин жиддий музокаралар олиб боришдан бош тортаётгани ҳамда Европа иттифоқи саммитини ҳисобга олиб, 1 январдан кейин Европа иттифоқи билан муносабатларимиз иттифоқ ва Австралия ўртасидаги келишувларга ўхшаш бўлиши ҳақидаги хулосага келдим”, деб айтган Жонсон.

Британия бош вазирининг айтишича, бизнес, юк ташувчилар ва сайёҳлар 1 январдан бошлаб икки томон ўртасида жиддий ўзгаришлар юз беришига тайёр туришлари лозим.

“Фикримча, Европа иттифоқи эркин савдо ҳақида келишувни тузмоқчи эмас. Биз бу борада Брюссель томондан бирор-бир силжишни кўрмаяпмиз ва уларга ёндашувлари тубдан ўзгарса, биз ҳали ҳам музокараларга тайёрлигимизни билдириб қоламиз”, деб таъкидлаб ўтган Жонсон.

Унинг айтишича, бирор-бир киши ҳали ҳам Британиянинг балиқчилик қоидаларини белгилашида ва ўз меъёрларини ишлаб чиқишида эркинлигини чекласа, Лондон Брюсселга ён босмайди. 

Ўз навбатида, Еврокенгаш раҳбари Шарль Мишель Европа иттифоқи Британия билан Brexit’дан кейинги муносабатларга нисбатан ёндашувини ўзгартирмаслигини айтган.

Top