21:12 / 24.10.2020
16077
Ла Лига. «Реал» «Барса»ни «Камп Ноу»да мағлуб этиб, 1-ўринга қайтди

Испания чемпионати 7-тури доирасида мавсумнинг энг муҳим қарама-қаршиликларидан бири саналмиш «Эль-Класико» якунига етди.

Фото: Getty Images

Каталония ва Мадрид клублари тарихида «Камп Ноу»да илк марта томошабинларсиз ўтказилган баҳс ўз даражасига муносиб ўтиб, томонлар шиддатли ва қизиқарли ўйин кўрсатишди.

Учрашувнинг 5-дақиқасида Бенземанинг узатмасидан кейин Вальверде мадридликларни ҳисобда олдинга олиб чиқди – 0:1.

Аммо орадан уч дақиқа ўтар-ўтмас, Альбанинг етказган тўпига Рамосдан илдам ҳаракат қилган Фати гол уриб ҳисобни тенглаштирди – 1:1. Бу голи билан ҳали 18 ёшга тўлмаган Ансу «Эль-Класико» тарихида гол урган энг ёш футболчига айланди. 

63-дақиқага келиб ҳакамлар VAR тизимига мурожаат қилиб, каталонияликлар ҳимоячиси Лангле ўз жарима майдонида Рамосга қарши қўполлик ишлатди деб топди. Тўпга яқинлашган жабрланувчининг ўзи Мадрид клубини ҳисобда олдинга чиқарди – 1:2.

Месси ва унинг жамоадошлари ўйин якунига қадар мувозанатни тиклашга уринган бўлишса-да, мадридликлар 90-дақиқага келиб Модричнинг голи эвазига ишончли ғалабани тантана қилишди – 1:3.

Кетма-кет икки мағлубиятдан кейин Зидан муҳим тўқнашувда Куман жамоасини мағлуб этиб, турнир жадвалида 13 очко билан яна 1-ўринга чиқиб олди. «Барса» эса кетма-кет иккинчи мағлубиятдан сўнг 7 очко билан ҳозирча 10-ўринга тушди.

Ла Лига. 7-тур
Барселона – Реал Мадрид 1:3

Голлар: 0:1 – 5 Вальверде, 1:1 – 8 Фати, 1:2 – 63, пенальти Рамос, 1:3 – 90 Модрич.
Барселона – Нето, Пике, Лангле, Дест, Альба, Бускетс (Дембеле, 82), де Йонг, Фати (Гризманн, 82), Коутиньо, Педри (Тринкау, 82), Месси.
Реал Мадрид – Куртуа, Рамос, Менди, Варан, Начо (Васкес, 43), Вальверде (Модрич, 69), Каземиро, Винисиус Жуниор, Кроос, Асенсио (Родриго, 81), Бензема.
Огоҳлантиришлар: Каземиро (19), Лангле (29), Начо (37), Альба (62).

Top