12:24 / 05.11.2020
8387
Божхоначилар кўмир остига яширилган йирик миқдордаги товарларни фош этишди

Фарғона вилояти божхона бошқармаси ходимлари республика ҳудудига кўп миқдордаги товар моддий бойликларини божхона назоратидан яширинча олиб киришга доир навбатдаги найрангга чек қўйишди.

“Ўзбекистон” чегара божхона пости орқали қўшни давлатдан кириб келган юк автотранспорт воситасига ҳужжатларга кўра 25 тонна кўмир ортилган бўлиши лозим эди.

Аммо тезкор кузатувга олинган мазкур юк автотранспорт воситаси кўмирни божхонада расмийлаштириш учун “Водий” ташқи иқтисодий фаолият божхона постига бориш ўрнига манзилни ўзгартирди ва Қува туманига томон ҳаракатлана бошлади. Шундан сўнг тезкор тадбир иштирокчилари томонидан кузатувга олинган мазкур автотранспорт воситаси тўхтатилиб, белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилди.

Натижада, автотранспортнинг ўз йўналишини ўзгартириши сабаблари ойдинлашади. Чунки тиркамадаги кўмир остига ҳужжатларда умуман қайд этилмаган 67 турдаги товарлар яширилган экан.

Улар сирасига 1560 дона сифати кафолатланмаган болалар озуқаси, 92 дона чангютгичлар, 2518 дона кийим-кечаклар, салкам 12 минг дона ичимликлар, 990 метр узунликдаги газлама, 609 дона автомобиль эҳтиёт қисмлари ва бошқа товарлар киради.

Кўмир остига яширганча олиб кириш режалаштирилган мазкур товарларнинг умумий қиймати 901,5 млн сўмни ташкил қилмоқда.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ишлари давом эттирилмоқда.

Top