17:58 / 09.11.2020
11382
Путин АҚШ президентини расмий натижалар эълон қилингач табриклайди

Россия президенти Владимир Путин овоз бериш натижалари расман эълон қилинмагунча АҚШнинг сайланган президентини сайловлардаги ғалабаси билан табрикламайди. Бу ҳақда Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков журналистларга берган интервьюсида айтиб ўтди.

«Путин АҚШнинг сайланган президентини ғалаба билан табриклаши ҳақидаги саволингизни олдиндан билган ҳолда, мен қуйидагиларни айтмоқчиман: биз сайлов натижаларининг расмий эълон қилинишини кутиш тўғри деб биламиз», деган Песков.

У тўрт йил аввал Путин Дональд Трампни якуний натижаларни кутмасдан табриклаганлиги ҳақидаги саволга ҳам жавоб берган.

«Фарқи яққол кўриниб турибди. Ҳозирда амалдаги президент томонидан эълон қилинган муайян ҳуқуқий процедуралар бор. Шу сабабли расмий эълонни кутишни тўғри деб биламиз», деган президент матбуот котиби.

У Кремлдагилар АҚШнинг янги президенти билан икки томонлама муносабатларни нормаллаштириш бўйича келишувга эришилишига умид қилишларини қўшимча қилиб ўтган.

«Эслатиб ўтишни истардимки, президент Путин бир неча марта Америка халқининг ҳар қандай танловини ҳурмат қилишини айтган, демак у АҚШда ким президентликка сайланса ҳам у билан ишлашга тайёр», деган у.

7 ноябрь куни АҚШдаги етакчи нашрлар Жо Байден Пенсильванияда ҳам Трампни ортда қолдиргани, бу эса у АҚШнинг янги президенти бўлиши учун етарли экани ҳақида хабар тарқатди.

АҚШнинг амалдаги президенти Дональд Трамп эса мағлубиятини тан олишдан бош тортмоқда.

Байден шанба куниёқ сайланган президент сифатида халққа мурожаат қилди. Кўплаб мамлакатларнинг раҳбарлари уни аллақачон АҚШ президенти этиб сайлангани билан табриклаган. Хусусан, Буюк Британия, Германия, Франция, Япония, Украина, Қозоғистон ва бошқа ўнлаб давлат раҳбарларидан табрикномалар йўлланган.

Америка президентлиги сайловларининг якуний натижаси қачон эълон қилиниши ҳозирча аниқ эмас. Сайловчилар ҳайъатининг бу борадаги йиғилиши 14 декабрга режалаштирилган, президент инаугурацияси эса 2021 йилнинг 20 январида бўлиб ўтади.

Мавзу
АҚШ-2020
2020 йилнинг 3 ноябрида АҚШда президентлик сайловлари бўлиб ўтади. 3 февраль куни демократлар қароргоҳида бирламчи сайловлар - кокуслар ва праймеризлар бошланган.
Барчаси
Top