11:30 / 11.11.2020
2663
Ўзбекистон БАА компанияларини давлат активларини хусусийлаштириш дастурига жалб қилмоқчи

Жорий йилнинг 10 ноябрь куни Ўзбекистон ҳукумати делегациясининг Бирлашган Араб Амирликлари (БАА)га ташрифи доирасида Бош вазир ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқовнинг БАА ҳукумат ишлари бўйича вазири Муҳаммад бин Абдуллоҳ ал-Гергави билан учрашуви бўлиб ўтди.

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги

Учрашув давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш ва 25та йўналиш бўйича тегишли “йўл хариталари”ни амалга ошириш соҳасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг боришини ўрганишга бағишланди

Учрашув давомида 2019 йилда Ўзбекистонда ишини бошлаган “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси 70 мингдан зиёд кишини қамраб олгани ва уларнинг аксарияти тегишли малакавий сертификатларни қўлга киритгани қайд этилди. 

БАА инвестиция корпорацияларини Ўзбекистон иқтисодиётининг устувор тармоқларида лойиҳаларни амалга оширишга жалб этиш орқали инвестиция соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш учун имкониятлар муҳокама қилинди. БАА инвесторларининг туризм, кўчмас мулк, қишлоқ хўжалиги ва саноат соҳасидаги давлат активларини хусусийлаштириш ва модернизация қилиш дастурида иштирок этишларининг истиқболлари кўриб чиқилди.

БААга ўзбек мева-сабзавот маҳсулотларини етказиб бериш ҳажмини ошириш орқали савдо ҳамкорлигини чуқурлаштириш, экспортга йўналтирилган йирик саноат корхоналарини яратишга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, туризмни ривожлантириш ва Ўзбекистонда Исломий молиялаштириш механизмларини жорий этишни қамраб олиш орқали икки томонлама ҳамкорлик дастурини кенгайтириш бўйича ҳам кейинги қадамлар келишиб олинди.

Пандемия даврида соғлиқни сақлаш соҳасида ўзаро алоқалар ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишни таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди, БАА етакчи ихтисослашган компанияларини Ўзбекистоннинг тиббиёт муассасаларини бошқариш самарадорлигини ошириш бўйича ишларга жалб қилишга кўмаклашишга тайёрлиги билдирилди.

Учрашув якунида жорий йил охиригача ҳукумат ишлари бўйича вазир Муҳаммад бин Абдуллоҳ ал-Гергави бошчилигидаги делегациянинг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш тўғрисида келишувга эришилди.

Top