19:31 / 12.11.2020
21494
Бадиий таълим-тарбиянинг ўзбекча муаммолари ва Сталиннинг даҳшатли амалиёти ҳақида — Бадиий академия олими билан суҳбат

Бугун, 12 ноябр куни АОКА биносида «Тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги 2020 йил 21 апрелда қабул қилинган президент қарори ижроси юзасидан брифинг ўтказилди.

Унда Бадиий академия бош илмий-котиби Феруза Обиджонова қарор юзасидан Ўзбекистонда амалга оширилаётган ишлар бўйича маълумот берди.

Kun.uz мухбири тадбир якунида Феруза Обиджонова билан брифинг мавзусидан келиб чиққан ҳолда мустақиллик йилларида ўзбек мактабларида сифатли бадиий таълим ва тарбия бериш режаси нега тўлиқ амалга ошмай қолгани, умуман, болаларнинг ишга ижодий муносабатда бўлиши, уларни юксак дид ва маданиятли қилиб тарбиялаш борасида учраётган муаммолар борасида кичик интервю уюштирди.

Унда Бадиий академиянинг бош илмий котиби бадиий тарбия ва сифатли бадиий таълим муаммоларининг келиб чиқиш сабабларини бир қанча йўналишларда кўришини таъкидлайди.

Фото: Бадиий академия матбуот хизмати

Иосиф Сталиннинг жамиятда кашфиётлар ва санъатни тўхтатиш мақсадида қилган даҳшатли амалиёти ҳақида

— Мен эстетикман ва барча санъат турлари бўйича ўз фикрларимни билдиришга ҳақлиман деб ўйлайман.

Биласизми, сифатли бадиий таълим бериш муаммолари ҳақида гапирганда, барча муаммо ихтисосликдан бошланишини эслатиб ўтмоқчиман.

Яна шуни эслатиш керакки, 1929 йилда Иосиф Виссарионович Сталин жамиятда кашфиётлар ва санъатни тўхтатиш мақсадида номутахассисларнинг мутахассислар тақдирини ҳал қилиш тизимини ўйлаб топади. Яъни бу амалиёт бўйича танланган кишилар 4 ойлик малака курсларида ўқитиб «Қизил файласуфлар» номи билан барча файласуфларни йўқ қилади. Янаям даҳшатлиси, ўша амалиёт бўйича кейинги навбат адабиёт ва санъат соҳаси вакилларига эди ва бу содир бўлди ҳам.

Бу соҳалар кишиларга маърифат ва санъатни ўргатадиган соҳалар ҳисобланади. Кашфиёт ва тараққиётлар ривожи натижасида эса нафақат мамлакатлар мустақилликка интилади, балки давлатлар жаҳон билан тенглашиб, диктаторлик режимига қарши чиқиши ҳам мумкин эди.

Шунинг учун санъат ва кашфиётлар уни тушунганлар қўлида бўлиши керак.

— Ҳақсиз, лекин 1960-70 йилларда адабиётда ёки санъатда катта, буюк ижодкорлар етишиб чиқди-ку.

— Ҳа, лекин ўзига ҳос уйғониш даври бўлган бу давр ва ундаги авлодларнинг етишиб чиқиши, аслида, 1919 йиллардаги ўсишнинг натижасида пайдо бўлган мева эди. Бу ўша даврда авжига чиқиш эди. Қайтараман, номутахассислар мутахасислар тақдирини ҳал қилар экан муаммолар тугамайди, кўпаяверади.

Бадиий таълимнинг «ўзбекча» муаммолари ҳақида

— Санъат муассасаси бор, маданият муассасаси бор. Маданият санъатнинг орқасидан вужудга келади. Унда ахлоқий, ҳуқуқий, эстетик маданият бор. Санъат муассасаси айнан ижодкор билан ишлайди. Масалан, Театр бирлашмаси, консерватория, Ёзувчилар уюшмаси каби.

Бизда секин-секин маданият ҳам шунга қараб келяпти. Бадиий таълимдаги оддий муаммо: дарс берадиган ўқитувчининг тақдири ўйланиши керак бўлган жиддий масала.

Бизда олимлар узоқ вақт таълим муассасаларида ойлик олиб ишлашган, лекин бадиий академиянинг академиги ҳам, профессори ҳам бўлолмаган. Яъни бизнинг олий таълим тизимида илмий даражалар билан илмий унвонларнинг фарқига борилмайди. Масалан, дунёнинг кўплаб ривожланган давлатларида киши мутахассис, ўзбекча айтганда уста бўлса, унга тўғридан тўғри профессорлик берилади. Энди «халқ рассоми», «халқ устаси» деб танланган одам Бадиий академиянинг сайлови ва президентнинг тасдиғидан ўтиб, академик бўлса-ю, таълим муассасаларида ўз-ўзидан профессор лавозимига тасдиқланиш ўрнига фақат «вазифасини бажарувчи» деб олинган. Нега десангиз, «бу олим эмас» дейишади.

Афсуски, жамиятимизда олим билан ҳақиқий ижодкорни ажратиш каби эски ҳолат ҳамон яшаяпти.

2017 йилда ва ниҳоят, Олий аттестация комиссияси ва Олий ва ўрта маҳсус таълим вазирлиги билан биргаликда илмий унвонларни истисно тариқасида бериш тартибини йўлга қўйдик. Нега, чунки давлатнинг берадиган ойлиги халқ рассомлари ва халқ усталарига етмаса, улар кетади.

Иккинчидан, ижодкорнинг давлат тизимида ишлаши уни қолипга, бир хил ракурсга солиб қўяди. Чунки ижодкор инсон эркинликни хоҳлайди. Агар уни яхши маблағ ва ҳеч бўлмаганда ҳурмат билан қабул қилиб олмасангиз улар талабага тўғри дарс бермайди. Натижада ўсиб келаётган ёшларга дарслар тўғри етиб бормайди, у сифатли дарс бўлмайди.

Сиз менга бадиий таълим тушунчасини ишлатган ҳолда савол бердингиз, мен эса бадиий таълим тушунчаси йўқ, бўлса ҳам тушунчалигича қолиб кетган, деб жавоб бераман.

Бу тушунча фақат 2020 йилдагина президент Мирзиёев томонидан қайта ишлатилди. Яъни бизда бадиий таълим бўйича Ўзбекистонда бирор қарор бор эканлиги эсимда йўқ экан, сиз эслатдингиз. Демак, у ишламаган.

Яна бир масала, биз таълимда барча соҳаларни ихтисослаштиришимиз керак. Масалан, рассом ўзи билади санъат учун, унинг ривожи ва келажаги учун қандай рассом тайёрлаши кераклигини.

Адашмасам, фақат 3 ёки 4 йил аввал санъат соҳасидаги тест тизимини бекор қилиш масаласи кўтарилгандагина Бош вазир Абдулла Арипов айтганди: «Рассом билади ҳар ҳолда кимни етиштириш кераклигини». Чунки тест тизими нафақат рассомларга, адабиётшуносларга, умуман, барча ижодкорларга ҳам нотўғри таъсир қилади. Масалан Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлари»ни ҳақиқатда ўқиган одам бўлади ёки шу асарни билган, эшитган одам.

Биз таълимнинг ўтган йиллари давомида болага фикрлаш имконини, умуман, бермадик. Мактаблардаги ўқитиш тизими, ўқиш ҳам шунга асосан фақат ёдлашга қаратиларди.

Иккинчи масала эса, тасвирий санъат ўқитувчиларининг билимини, ишини баҳоловчи кишилар бизда доим номутахассислар бўлган.

Болаларга дарс беришда ҳам шундай. Мактабларда номутахассис соҳа вакили тасвирий санъат ёки мусиқа дарсларини ўтиб кетаверади. Бу йиллар давомида давом этаётган жуда оғриқли ҳолат. Натижада бўлажак таълим инспекцияси ходими мусиқа қандай қилиб яратилиши ёки тасвирий санъат қандай яратилишини билмайди. Шунинг натижасида биз ҳозир ҳам ўз лойиҳаларимизни ойлаб, йиллаб ҳимоя қилишга, ўтказишга мажбур бўляпмиз.

Биз вазирликларга ўз лойиҳаларимиз нега кераклигини тушунтиролмаяпмиз. Аниқроғи, улар тушунишни исташмайди. Масалан, ижодкорлар учун ижодий аспирантура таклифини берганимизда Инновация вазирлиги масъулининг сочи тикка бўлиб кетгани эсимда. Улар қандай қилиб, деган саволни бизга беришади. Ёки Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Молия вазирлиги билан ҳам шундай ҳолат бўлган.

Демоқчиманки, масъуллар санъатни қўллаб-қувватлаши учун улар, аввало, санъатни ўзи нималигини, нега кераклигини тушуна олишлари керак.

Санъат ўқитувчиларига муносабат ўзгариши кераклиги ҳақида

— Яна бир масала санъат ўқитувчиларига қўйиладиган талаблар ҳақида. Масалан, мен ижтимоий фан вакилиман ва 80-100 та талабани бошқара оламан. Бунинг учун педагогикани ўқишим, ўрганишим керак. Лекин рассомлар учун 1-3 та талаба етади. Рассом 3 та талабадан кўпини ўқитяптими демак, бу дегани дарс сифати бузилган. Чунки рассом дарс давомида ҳар бир нарсани ўзи бажариб, қўлда кўрсатади. Аммо биздаги таълим муассасаларида ҳозир ҳам 8 тадан 12 тагача талабани ўқитиш талаби амал қиляпти. Сифатсизлик шундан келиб чиқмоқда.

Авваллари дарс ўтадиган битта рассомга 2 та ассистент бериларди. Талабалар сони ҳам 5 тадан ошмасди. Натижада бизда Акмал Нур, Жавлон Умарбеков, Баҳодир Жалолов каби халқ рассомлари етишиб чиққан.

Санъат соҳасидаги кадрга индивидуал ёндашув бўлсагина у ривожланади.

Санъат ва тасвирий санъат мактаблари ўртасидаги рақобат ҳақида

— Биласиз, ҳозир маданият мактаблари халқ таълими тизимидан чиқарилган. Кўплаб санъат ва тасвирий санъат мактаблари Бадиий академияга берилди. Ҳозир бизнинг тизимга қарашли 15 та мактаб бор. Халқ таълими тизимида шу каби айрим мактаблар сақланиб қолган. Қолаверса, ижод мактабларида ҳам санъат ва тасвирий санъат йўналишлари бор. Бу тўғри иш, чунки бу соҳаларни битта тизим томонидан монополия қилиб бошқарилиши рақобатни ўлдиради, ижодни йўқ қилади. Шу жиҳатдан мен бу йўналишда энди рақобат ва ривожланишни кутаман. Битта вазирлик ўз айбини истаганча яшира олади.

Мактабларда этика ва эстетика фанининг ўқитилиши ҳақида

— Мактабларимизда шу каби дарслар йўқ, ўтилмай қўйганди. Дарс соатлари олиб ташланган. Биз, аввалроқ, президентга Бадиий академиядаги санъат ва ижод мактабларида этика ва эстетика фанини ўқитиш кераклиги борасида таклиф бергандик. Ҳозир бизнинг тизимда бу фанлар мажбурий ўқитиляпти.

Халқ таълими тизимидаги мактабларда этика ва эстетиканинг ўқитилишига келсак, улар буни тарбия фани деб аташяпти. Давлат раҳбари эса, аслида, тарбия фанлари деганда гуманитар фанларни назарда тутганди, чунки гуманитар фан таржима қилиниши жуда қийин. Лекин негадир Халқ таълими вазирлиги буни бошқача тушуниб, тарбия деган фанни дарс соатларига киритиб қўйди. Бу «каша». Аслида, ҳар бир фаннинг ўз илдизи бор. Адабиёт, этика, эстетиканинг ўз илдизлари бўлгани каби. Буни умумлаштириб юбориш самара ва ўз ўрнида болага билим бермайди. Таклиф қилдимки, мактабларда тарбия фанлари таркибида алоҳида фан – эстетика ва этика фанлари алоҳида ўқитилиши лозим.

Мана Халқ таълими вазирлиги энди шу тизимга ўтяпти. Унга кўра, эндиликда барча мактабларда 1-синфдан 5-синфгача тарбия фани ва 7-синфдан 11-синфгача этика ва эстетика фани ўтилади. Психология ҳам. Бу жаҳон стандарти, аслида.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.

Top