08:14 / 20.11.2020
1478
Қорақалпоғистонни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгиланди 

2020–2023 йилларда Қорақалпоғистонни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгиланди.

Norma’нинг ёзишича, минтақанинг иқтисодий кўрсаткичлари ўсишини таъминлаш учун, жумладан янги имтиёз ва преференциялар жорий этилмоқда.
 
Биринчидан, Қорақалпоғистоннинг 17та шаҳар ва туманларида уларнинг ўсиш нуқталари (“драйвер” соҳалари) бўлган иқтисодий фаолият йўналишлари белгиланди. Масалан, Нукусда – бу қурилиш материаллари саноати ва озиқ-овқат саноати, Нукус туманида – иссиқхоналар ташкил қилиш, мева-сабзавотчилик, балиқчилик ва ҳ.к. Ушбу йўналишлар бўйича янгидан ташкил этилган тадбиркорлик субъектлари 2024 йил 1 январга қадар ер солиғи, мол-мулк солиғи, айланмадан олинадиган солиқ, қатъий миқдордаги ЖШДСни тўлашдан озод қилинади.
 
Иккинчидан, ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожланиш даражаси паст бўлган Тахтакўпир, Бўзатов ва Шуманай туманларида ташкил этилиши кўзланаётган саноат йўналишидаги тадбиркорлик субъектлари 2024 йил 1 январга қадар:

  • ер солиғи, мол-мулк солиғи, айланмадан олинадиган солиқ, қатъий миқдордаги ЖШДСни тўлашдан озод қилинади;
  • фойда солиғи ва сув солиғи тўловини амалдаги белгиланган солиқ ставкаларининг 50 фоизи миқдорида амалга оширади;
  • Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган, белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича олиб кириладиган ва фақат ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун фойдаланиладиган асбоб-ускуна, бутловчи ва эҳтиёт қисмлар учун божхона божи тўлашдан озод қилинади.

Учинчидан, шароити оғир 45та маҳалла ва овулда янгидан ташкил этиладиган хизмат кўрсатиш йўналишидаги тадбиркорлик субъектларига 2026 йил 1 январга қадар:

  • фойда солиғи, ер солиғи, мол-мулк солиғи, кичик корхоналар айланмасидан олинадиган солиқ, якка тартибдаги тадбиркорларнинг қатъий миқдордаги даромад солиғини тўлашдан озод қилиш имтиёзи қўлланилади;
  • бизнес-лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида миллий валютада олинадиган банк кредитлари фоиз ставкасининг бир қисмини қоплаш учун МБ асосий ставкасининг 50 фоизи миқдорида Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан компенсация берилади.

Солиқ кодексига ва бошқа қонунларга тузатишлар киритилади – юқорида санаб ўтилган солиқ имтиёзлари мустаҳкамланади, шунингдек қуйидагилар учун имтиёзлар назарда тутилади:

  • аҳолига ўз хонадонларида интенсив усулда балиқ етиштириш учун зарур бўлган асбоб-ускуна, материал ва товарлар етказиб берувчи балиқчилик кластерлари ва бошқа тадбиркорлик субъектларига;
  • сув чиқариш учун қудуқ бурғилаш ва ишга тушириш хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларига, шу жумладан, улар томонидан олиб кириладиган бурғилаш ускуналари ва махсус транспорт воситаларига;
  • Қорақалпоғистоннинг ўзига хос хусусиятидан келиб чиқиб, энг долзарб иқтисодий фаолият йўналишларида тадбиркорлик субъектларига.

Тўртинчидан, тадбиркорлик субъектларига Қорақалпоғистоннинг шаҳар ва туманларида бўш турган давлатга тегишли бино-иншоотлар ва йирик бўлмаган давлат активларини тадбиркорлик субъектларига соддалаштирилган тартибда бериш тартиби жорий қилинади. Жўқорғи Кенгес ва Давлат активларини бошқариш агентлиги Экспорт ва инвестицияларни ривожлантириш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси раиси билан келишган ҳолда қуйидагиларга ҳақли:

  • давлат корхоналари ва хўжалик жамиятлари устав капиталидаги давлат улушларини ҳамда давлатга тегишли кўчмас мулк объектларини, шу жумладан, бўш турган ва самарасиз фойдаланилаётган қишлоқ хўжалиги мақсадларига мўлжалланмаган ер майдонларини сотишга. Истисно - Президент ва Вазирлар Маҳкамаси қарорларига мувофиқ алоҳида тартиб асосида сотиладиган давлат активлари;
  • бўш турган бино-иншоотлар ва самарасиз фойдаланилаётган ортиқча ер майдонларини балансда сақловчи вазирлик ва идораларнинг розилигидан қатъи назар захирага қайтариб олиш ва сотиш юзасидан қарор қабул қилишга;
  • давлат иштирокидаги хўжалик жамиятларини қайта ташкил этиш, тугатиш, устав капиталидаги давлат улушини бошқа хўжалик жамиятлари устав капиталига ўтказишга.

Вазирлар Кенгаши бўш турган ёки самарасиз фойдаланилаётган, умумий эгаллаган майдони 3 минг квадрат метргача бўлган давлатга тегишли бино-иншоотларни оммавий савдолар орқали сотиш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли.
 
Қорақалпоғистон бўйича давлат активларини сотишда:

  • давлат активининг қиймати БҲМнинг 50 000 бараваридан юқори бўлган тақдирда, тузиладиган олди-сотди шартномаларига мувофиқ тўловларни 5 йилгача бўлган муддатда бўлиб-бўлиб тўлаш тартиби жорий этилади;
  • олди-сотди шартномаси тузилган кундан бошлаб бир ой ичида сотиб олиш тўловлари тўлиқ амалга оширилган тақдирда, сотиб олиш тўловлари суммасининг 20 фоизига тенг миқдорда чегирма берилади.

Бундан ташқари, Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари ҳокимликлари тадбиркорлик субъектларига Қорақалпоғистонда бизнес-лойиҳаларни амалга ошириш учун 2022 йил 1 январга қадар олинадиган банк кредитлари бўйича гаров таъминоти сифатида кафолатлар беради. Шартлар:

  • бизнес-лойиҳалар ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожланиш даражаси паст бўлган Тахтакўпир, Бўзатов ва Шуманай туманларида, шароити оғир 45та маҳалла ва овул ҳудудларида, шунингдек, “ўсиш нуқтаси” деб белгиланган иқтисодий фаолият йўналишлари бўйича тегишли туманларда амалга оширилади;
  • кафолатлар банк кредити суммасининг 50 фоизигача қисмига, бироқ 5 млрд сўмдан ортиқ бўлмаган миқдорда берилади;
  • кафолатлар солиқлар ҳамда олдинги тузилган кредит шартномалари бўйича муддати ўтказиб юборилган қарздорлиги мавжуд бўлган тадбиркорлик субъектларига берилмайди.

Мўйноқ туманида алоҳида мақомга эга туристик-кўнгилочар зона ва ҳужжатда белгиланган ҳудудда “Қорақалпоқ-агро” ЭИЗ ташкил этилади. Бу билан боғлиқ ташкилий масалалар кейинроқ бошқа ҳужжатлар билан тартибга солинади.
 
Ҳужжат 12.11.2020 йилдан кучга кирди.

Top