19:46 / 23.11.2020
5264
Фарғона водийсида виктимлаштириш лойиҳаси амалга оширилмоқда

Фарғона водийсида виктимлаштириш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Бу ҳақда Бош прокуратура академиясида ОАВ вакиллари учун ташкил қилинган пресс турда маълум қилинди.

Иллюстратив фото

«Victims [инглиз тили] – бу “жабрдийдалар, қурбонлар” дегани бўлиб, яъни лойиҳанинг асоси жиноят қурбонлари билан бўладиган сўровлар асосида тадқиқот ўтказишдир. Бу лойиҳа UNODC билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Бунинг учун аутсорcинг компанияси, халқаро экспертлар ва донорларнинг маблағлари жалб қилинган. Ўзбекистон аввал бу каби тадқиқотлар ўтказилмаган», – дейди Бош прокуратура академияси ходими Носиржон Асқаров Kun.uz мухбири билан суҳбатда.

“Виктимлаштириш лойиҳасида бутун Фарғона водийси ва Тошкент олинади ҳамда ушбу ҳудуд аҳоли энг кўп азият чекаётган жиноят турлари ўрганилади. Шундан сўнг бизда нима сабабдан ҳудудда бу жиноят турлари ошаётгани юзасидан тасаввур пайдо бўлади. Ошаётган жиноят турларини бартараф қилиш усуллари кўринади.

Шундан сўнг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг кучини умумий профилактикага эмас, балки муайян нуқталарга [кўпроқ] қаратишга имконимиз бўлади”, – дейди Носиржон Асқаров.

Маълум қилинишича, умумий лойиҳада республика бўйлаб 3 мингта респондент иштирок этади:

“Халқаро стандартларга кўра, лойиҳада республика бўйлаб 3 мингта респондент қатнашиши белгиланган. Шундан сўнггина ушбу тадқиқот натижасига асосланиш мумкин бўлади. Фарғона водийсида ҳар бир ҳудуддан камида 250 та респондент ушбу тадқиқотда қатнашади. Респондент жиноятдан жабр кўрган якка шахс ҳам ёки бутун бир оила ҳам бўлиши мумкин.

Фарғона водийсида виктимлаштириш лойиҳаси бўйича ҳозирги кунда тендер ўтказилмоқда. Тендер натижасида жалб қилинадиган халқаро аутсорcинг компаниясининг ўзига халқаро донорлар томонидан 50 минг АҚШ доллари ажратилган. Бундан ташқари лойиҳага экспертлар жалб қилиш ва тадқиқотлар олиб бориш учун кетадиган харажатларни ҳам ҳисоблаганда лойиҳа қиймати 100 минг доллардан ортиб кетади”, – дейди мутахассис.

Ушбу лойиҳа 2020 йилнинг сентябр ойида бошланган ва келаси йилнинг март-апрел ойларида якунига етади ҳамда натижаси жамоатчилик ва тегишли органларга тақдим қилинади.

Top