10:35 / 30.11.2020
3829
«Ўзбекнефтгаз»: Бошқарув раиси Газли газни қайта ишлаш заводидаги инвестицион лойиҳа ҳолатини ўрганди

«Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев Газли газни қайта ишлаш заводида сайёр йиғилиш ўтказди.

Йиғилишда қиймати 49,4 млн долларлик «Газни олтингугуртдан тозалаш қурилмасида пропан-бутан аралашмасини олиш қурилмасини қуриш» лойиҳаси якуний босқич қурилиш ишлари муҳокама қилинди.

Лойиҳа – йилига 4,5 млрд куб метр газни қайта ишлаш қувватига эга янги пропан-бутан аралашмасини олиш қурилмасини қуриш орқали 80,0 минг тоннагача пропан-бутан аралашмаси ҳамда 37,5 минг тонна конденсатни ишлаб чиқаришга ва бунинг асосида ички бозорда ушбу маҳсулотларга ошиб бораётган талабни қондиришга қаратилган.

Бошқарув раиси газни цеолитли қуритиш қурилмаси, пропан-бутан аралашмасини олиш қурилмаси, машъала хўжалиги, суюлтирилган газни сақлаш омбори ва истеъмолчиларга етказиш учун қуйиш ускуналари, лаборатория, оператор бинолари қурилиши якуний босқичида аниқланаётган камчиликларни қисқа фурсатда бартараф этиш кераклигини таъкидлади.

Қурувчи ташкилотлар билан биргаликда қурилиш-монтаж ишларини узлуксиз олиб бориш ишлари бўйича топшириқлар берилди. Газдан пропан-бутан аралашмасини ажратиб олиш қурилмасини қисқа муддатда ишга тушириш бўйича керакли ускуна ва жиҳозлар сўзсиз етказиб берилиши кераклигини таъкидлади.

Маълумот учун, қурилмани ускуна ва материаллар билан таъминлаш мақсадида, ишлаб чиқарувчи корхоналар ва уларнинг расмий вакиллари билан умумий қиймати 13,87 млн долларга тенг 18 та хорижий шартномалар тузилган бўлиб, барча шартномалар бўйича молиялаштириш ишлари амалга оширилган.

Импорт асосида ускуналарни етказиб келиш доирасида «Газли» газни қайта ишлаш заводига Украинанинг «Сумское НПО» заводида ишлаб чиқарилган адсорбер ва иситиш печи, «Турбогаз» заводидан турбодетандер, Россиянинг «Гидромашсервис» заводининг насос ва агрегатлари, «АЗСТРАСТСТРОЙ» заводининг суюлтирилган газни қуйиш ускуналари, «Промресурс» компаниясининг поршенли компрессор агрегати, Германиянинг «Linde AG» компаниясининг иссиқлик алмашинувчи ускунаси, АҚШ ва Чехия давлатларининг «Izzy Group Inc», «Global Industrial Solution ss.r.o.» компанияларидан назорат-ўлчов ускуналари, автоматика ҳамда тизим дастурий таъминоти олиб келинди ва монтаж ишлари амалга оширилди.

Бошқарув раиси углеводородлар қазиб чиқаришни ошириш мақсадида бурғилашдан чиқадиган қудуқларни тез ва сифатли ишга топшириш бўйича «Ўзнефтгазбурғилашишлари» корхонаси раҳбари Улфат Амоновга ҳамда Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси директори Алишер Эгамовга аниқ вазифаларни белгилаб берди.

Ўз навбатида, «Газли» газни қайта ишлаш заводи бошлиғи Шерзод Шоимов сўзга чиқиб, Газдан пропан-бутан аралашмасини ажратиб олиш қурилмасини ишга тушириш бўйича ўз таклифларини берди.

Сайёр йиғилиш сўнгида, 2020 йилда углеводородлар қазиб чиқариш режаларини сўзсиз бажариш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Сўнгра, Бошқарув раиси бошчилигидаги ишчи гуруҳ аъзолари Газни олтингугуртдан тозалаш қурилмасида бўлиб, у ердаги ҳолатни ўрганди.

Шунингдек, замонавий услубда қурилган диспетчерлик хизмати биноси ва у ердаги шароит билан танишиб чиқилди.

Ҳамкор қурилиш корхона вакиллари билан биргаликда Газдан пропан-бутан аралашмасини ажратиб олиш қурилмасидаги қурилиш-монтаж ишлари ҳам назорат қилинди.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқаруви раиси ускуна ва жиҳозларни харид қилишда маҳаллий корхоналарга эътибор қаратилаётгани, айнан ушбу лойиҳа доирасида маҳаллий корхоналар билан умумий қиймати 132,54 млрд сўмлик шартномалар тузилганини маълум қилди.

Меҳриддин Абдуллаев бошчилигидаги ишчи гуруҳнинг Бухоро вилоятига сафари давом этмоқда.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ
Матбуот хизмати

Top