11:52 / 30.11.2020
2217
Қишлоқ инфратузилмасини ривожлантиришга 183 млн доллар ажратилди

Президент томонидан «Жаҳон банкининг Халқаро тараққиёт уюшмаси ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки иштирокида «Қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор имзоланди. 

Фото: KUN.UZ

Лойиҳани амалга ошириш учун Жаҳон банкининг Халқаро тараққиёт уюшмаси томонидан 100 млн АҚШ доллари миқдорида ҳамда Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки томонидан 82 млн АҚШ доллари миқдорида кредит ажратилди. Ўзбекистон ҳукумати томонидан 1,6 млн АҚШ доллари ажратилди. 
 
Norma’нинг ёзишича, лойиҳа Фарғона, Андижон, Наманган, Сирдарё ва Жиззах вилоятларининг иқтисодий ва ижтимоий ривожланишдан нисбатан ортда қолаётган 21та туманида амалга оширилади. Лойиҳани амалга ошириш муддати 5 йилни (2020–2024 йиллар) ташкил этади.
 
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги лойиҳани ўз вақтида амалга ошириш ва мувофиқлаштириш, шунингдек уюшма ва банк кредитларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш бўйича масъул ижро этувчи орган ҳисобланади.
 
Халқаро молия институтларининг қарзлари ва ҳукумат ташкилотларининг халқаро қарзлари ҳисобидан амалга ошириладиган лойиҳалар доирасида:

ушбу лойиҳалар халқаро ва хорижий ҳукумат молиявий ташкилотлари томонидан 2020 йил 1 июлга қадар маъқулланган бўлса, юридик шахслар томонидан сотиб олинадиган товарларни (хизматларни) реализация қилишга доир айланмага ҚҚС ва акциз солиғи солинмайди;

мазкур қарз маблағлари ҳисобидан юридик шахслар томонидан божхона ҳудудига олиб кириладиган товарлар божхона божи тўлашдан озод этилади;

ушбу имтиёзлар натижасида иқтисод қилинган маблағлар Ўзбекистоннинг лойиҳани амалга оширишдаги улуши деб ҳисобланади.
 
Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:

«Қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш» лойиҳасининг асосий техник-иқтисодий параметрлари;

Халқаро тараққиёт уюшмаси ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки кредитларининг асосий қарзини, унга ҳисобланган фоизларни ва бошқа тўловларни қайтариш прогноз жадвали;

уюшма ва банк иштирокида лойиҳа доирасида маблағлардан фойдаланиш бўйича «Йўл харитаси».

Top