19:18 / 30.11.2020
2272
Уч йилда нефть қазиб чиқаришни 1 млн тоннага ошириш режаси бор – Меҳриддин Абдуллаев

«Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев «Нефть-газ кимё саноатидаги истиқболли лойиҳалар ва масъуллар олдига қўйилган долзарб вазифалар» мавзусига бағишланган матбуот анжуманида нефть қазиб чиқариш, ёқилғи захиралари бўйича гапирди.

«Ҳозирги кунда «Ўзбекнефтгаз» билан биргаликда тузилган Жиззах петролиум қўшма корхонаси нефтни қазиб чиқариш, уни қайта ишлаш билан шуғулланади. Мана шу корхона томонидан йилига 400 минг тоннага яқин нефть ишлаб чиқарилаётган бўлса, буни 1 миллион тоннагача ошириш бўйича биргаликда чора-тадбирлар тузилган. Бу «Ўзбекнефтгаз» нефтга қарамайди ёки нефть билан ишламайди, дегани эмас. Улар билан бевосита ҳамжиҳатликда ишланади. Келгуси уч йилда [нефть қазиб чиқаришни] 1 миллион тоннага ошириш режаси бор.

Ундан ташқари, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи, Фарғона нефтни қайта ишлаш заводлари ҳам ҳозир ўз фаолиятини яна тиклади. Ҳозирги кунда Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи биринчи марта иш ҳажмини 115 фоизгача оширди. Ҳар йили 70-75 фоизгача бўлган.

Ўзимизнинг нефтимиз ёки газоконденсатлар бизни заводларимизга тўлиқ етмайди. Бизнинг истеъмолимизга 1 миллион 600 минг тонна топшириқ бўладиган бўлса, бунинг бир қисми импорт шаклида келади. Пандемиядан фойдаланиб, арзон маҳсулотлар келтириш ҳисобига ёқилғи истеъмолини таъминлаб қўйдик. Ҳозирги кунда дизель ёқилғисининг 200 минг тоннадан ошиқ захирамиз бор. Бу дегани камида 3 ойга етади.

Бундан ташқари, бензин ёқилғиси 55-60 минг тонна. Бу камида 15 кунга етадиган бензин захиралари ҳам мавжуд деганидир. Нефть ва газ бевосита чамбарчас боғлиқ. Нефть ва газ билан боғлиқ муаммоларни Жиззах петролиум ва тегишли корхоналар билан қизиб чиқаришни кўпайтириш бўйича тегишли чораларни кўряпмиз», дея Меҳриддин Абдуллаевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Меҳриддин Абдуллаев Ўзбекистонда аста-секин эко ёқилғига ўтилаётгани, бу эса иқтисодий жиҳатдан самарали эканини айтиб ўтди.

«Апрель ойида пандемия бўлишига қарамасдан ҳурматли президентимизнинг топшириқлари бор эдики, Ўзбекистонда биринчи бўлиб Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида Евро-4, Евро-5ни ишлаб чиқариш бошланди.

Ўйлайманки, буни кўпайтириб, секин-аста Евро-4, Евро-5га ўтишимиз керак. Бу автомобил кўпроқ ишлашига, умрини узайтиришга имконият яратади. Йил охиригача 100 минг тонна ишлаб чиқариш режалаштирилган. Секин-аста замонавий, эко ёқилғига ўтяпмиз», деди у.

  • Маълумот учун, Евро-4 чиқинди газлар таркибидаги зарарли моддалар таркибини тартибга солувчи экологик стандарт. Европа Иттифоқида 2005 йилда аввалги Евро-3 стандартининг ўрнини босувчи сифатида жорий қилинган. 2009 йилда у янги стандарт Евро-5 билан алмаштирилган.
Top