11:23 / 02.12.2020
2051
Чилонзор туманида олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар сони Тошкент шаҳар кўрсаткичидан қарийб икки бараварга кўп 

Тошкент шаҳар Чилонзор туманида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик ҳолати масалаларига бағишланган мувофиқлаштирувчи кенгаш йиғилиши бўлиб ўтди.

Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев раислигида ўтган йиғилишда Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов, Миллий гвардия қўмондони Рустам Жўраев, вазирлик ва идораларнинг масъул ходимлари, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Чилонзор тумани сектор раҳбарлари иштирок этди.

Кун тартибидаги масала юзасидан Бош прокуратура бошқарма бошлиғи вазифасини бажарувчи Бахтиёр Бобожоновнинг ҳисоботи эшитилди.

Йиғилишда айрим раҳбарлар, масъуллар бепарволик ва лоқайдликка берилгани оқибатида сўнгги вақтларда Тошкент шаҳрида юзага келган криминоген вазият, ҳудудда уюшган жиноятчилик ҳолатлари танқид остига олинди.

Таъкидландики, Тошкент шаҳри бўйича олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар сони бошқа вилоятларга нисбатан энг кўп, яъни ҳар 100 минг аҳолига 138тадан тўғри келган бир вақтда, Чилонзор туманида бу кўрсаткич шаҳар кўрсаткичидан қарийб икки бараварга кўп бўлиб, 246тани ташкил этган.

Шунингдек, пандемия сабабли жорий этилган карантин муносабати билан ҳаракатланиш бир мунча чекланиб, назорат тадбирлари кучайтирилган бир шароитда, Чилонзор туманида криминоген вазиятнинг бундай аянчли ҳолатга келгани туман масъулларининг ўз ишига ўта лоқайд ва юзаки муносабатда бўлганлигидан далолат бераётганлиги қайд этилди.

Оқибатда, тумандаги вазият барқарорлиги ва аҳоли хотиржамлигига жиддий салбий таъсир қиладиган мудҳиш жиноятлар, жумладан, қасддан одам ўлдириш, фирибгарлик, ўғрилик, безорилик жиноятлари ҳамда аёллар ва ишламайдиганлар томонидан содир этилган жиноятлар кескин ошиб, қасддан баданга оғир шикаст етказиш, босқинчилик, талончилик ҳамда рецидив ва гуруҳлар томонидан содир этилган жиноятлар кўрсаткичи юқорилигича қолганлиги айтиб ўтилди.

Йиғилишда ҳуқуқбузарликлар таҳлили, содир этилган жиноятларнинг ижтимоий хавфлилик даражаси ва кўрсаткичлари, очилмаган жиноятлар, қидирувдаги шахслар, уларнинг сабаблари ва содир этилишига имкон берган шарт-шароитлар тумандаги ҳар бир ҳудуд, шунингдек, аёллар, вояга етмаганлар, ёшлар ва бошқа тоифадаги фуқаролар кесимида танқидий кўриб чиқилди ва атрофлича муҳокама қилинди.

Тадбир якунида соҳада йўл қўйилган камчиликлар юзасидан масъулларнинг тушунтириш ва изоҳлари тингланди.

Раислик қилувчи томонидан туман ҳудудидаги тоифаланган объектлар, катта бозорлар ва аҳоли гавжум бўладиган жойларда жамоат тартиби назорат қилинишига замонавий усул ва воситаларни кенг татбиқ этиш чоралари кўрилиши, жамоат тартиби сақланишини таъминлаш ва қидирувдаги шахсларни тезкор аниқлаш мақсадида интеллектуал камералар, дронлар, “SOS” тугмачаси ва бошқа техник воситалар билан таъминлаш чоралари кўрилиши юзасидан таклиф ва тавсиялар берилди.

Top