08:41 / 04.12.2020
8358
Қирғизистонда президентликка номзодларни илгари суриш якунланди 

Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси президентликка номзодларни илгари суриш босқичи якунланишига қадар 21 номзоддан уларни қўллаб-қувватловчи имзолар қўйилган варақларни олди.  

Фото: AFP

“Сайловолди кампаниясининг навбатдаги босқичи – Қирғизистон президенти лавозимига номзодларни илгари суриш даври якунланди. 3 декабр соат 23:59 ҳолатига кўра, Марказий сайлов комиссиясига 21 номзоддан имзолар қўйилган варақлар олинди”, деб маълум қилинган хабарда.

Сайлов комиссиясида таъкидланишича, номзодлардан бирида минимал зарурий 30 минг имзо ўрнига 15 мингдан кўпроқ имзо тўпланган бўлган. Қолган номзодлар тўплаган имзолар эса талабларга мувофиқ бўлган. Энди сайлов комиссияси 8 иш куни давомида имзоларнинг ҳақиқийлигини текшириб чиқади.

Қирғизистонда муддатдан аввал президент сайловлари ва янги конституция лойиҳаси бўйича сайловлар 2021 йил 10 январда бўлиб ўтади. 

Қирғизистоннинг собиқ президенти Сооронбай Жээнбеков мамлакатда 4 октябрда ўтган парламент сайловларидан кейин юз берган сиёсий инқироз ортида 15 октябрда истеъфога чиққанди. Шунингдек, парламент спикери ва бош вазир ҳам истеъфога чиқишга қарор қилган. Янги бош вазир намойишчилар томонидан турмадан озод қилинган Садир Жапаров бўлган. Ўшанда унга президент ваколатлари ҳам ўтган. Бироқ Жапаров президент сайловларида иштирок этишга қарор қилгани сабабли президент ваколатларидан воз кечган. Ҳозирда президент вазифасини парламент спикери Талант Мамитов бажармоқда.

Аввалроқ Қирғизистон президенти лавозими учун рекорд сонда - 62 номзоддан ариза тушгани маълум қилинганди. 

Top