09:38 / 07.12.2020
3487
Дунёда қурол савдоси ҳажми бир йил ичида 8,5 фоизга ўсди

Дунёнинг қурол сотувчи ва ҳарбий хизматлар кўрсатувчи 25 та энг йирик компаниясининг умумий савдо ҳажми 2019 йилда 2018 йилга нисбатан 8,5 фоизга ўсди ва 361 млрд долларни ташкил қилди. Бу ҳақда Халқаро тинчлик масалаларини ўрганувчи Стокҳолм институти (SIPRI) маърузасида маълум қилинди.     

Фото: кадр из видео

Ушбу 25 компаниядан 12 таси АҚШда жойлашган бўлиб, улар улушига жами савдо ҳажмидан 61 фоизи тўғри келган. Улардан 5 таси рейтинг етакчиси ҳисобланади ва 166 млрд долларлик савдо ҳажмига эга. Гап Lockheed Martin, Boeing, Northrop Grumman, Raytheon ва General Dynamics компаниялари ҳақида бормоқда. 

Қурол савдоси бўйича АҚШдан кейин 2-ўринни Хитой эгаллаган. Хитой ҳарбий-саноат компаниялари улушига жами савдо ҳажмининг 16 фоизи тўғри келган. Рейтингга киритилган 4 та Хитой компаниясидан 3 таси етакчи ўнталикка кирган, булар: Aviation Industry Corporation of China (6-ўрин), China Electronics Technology Group Corporation (8-ўрин) ва China North Industries Group Corporation (9-ўрин). Яна бир Хитой компанияси China South Industries Group Corporation 24-ўринни эгаллаган. 

Бундан ташқари, қурол ва ҳарбий хизматлар савдоси ҳажмида 18 фоиз улуш Ғарбий Европа компаниялари ҳисобига тўғри келган.   

Маърузага кўра, жорий йилда 25 та компаниядан иборат ушбу рейтингга илк бор Яқин Шарқда жойлашган компания киритилган. Бу компания БААда 2019 йил 25 та кичик компаниянинг бирлашиши йўли билан ташкил этилган. У рейтингда 1,3 фоизлик улуш билан 22-ўринни эгаллаган.

Шунингдек, АҚШнинг L3Harris Technologies компанияси ҳам илк бор рейтингга киритилган. 2019 йилда Harris Corporation ва L3 Technologies компаниялари бирлашиши оқибатида вужудга келган компания рейтингда 10-ўринни эгаллаган. 

Россия компаниялари улуши бир йил ичида 8,6 фоиздан 3,9 фоизгача камайган. Рейтингга Россиянинг фақат иккита компанияси киритилган – “Алмаз-Антей” ва “Бирлашган кемасозлик корпорацияси” (Объединенная судостроительная корпорация). 

SIPRI’нинг етакчи илмий ходими Симон Веземаннинг таъкидлашича, Россия ва Хитой компанияларининг халқаро бозордаги иштироки чекланган. “Россия компанияларига қарши киритилган санкциялар ва Хитой компаниялари харидларига киритилган чекловлар Россия ва Хитой компанияларининг халқаро бозордаги иштирокининг чекланишида ўз ролини ўйнаган кўринади”, деб изоҳ берган вазиятга Веземан.

Top