11:11 / 07.12.2020
33099
Пенсия тарқатишдаги қинғирликлар аниқланди

Пенсия жамғармасига келиб тушган мурожаатлар ўрганилганда, АТ “Халқ банки” сайёр кассалари томонидан пенсия тўловларини кеч тўлаш ҳолатлари аниқланди, дейилади Пенсия жамғармаси матбуот хизматининг Kun.uz’га тақдим этган маълумотида. 

Мисол учун, Наманган вилояти Уйчи туманида истиқомат қилувчи фуқаро А.Х. 2020 йил 6 ноябр куни Пенсия жамғармаси “Ишонч телефони”га сентябр ойи пенсияси берилмаганлиги бўйича мурожаат қилган.

Мурожаат ўрганилганда бир неча фуқаролар 2020 йил сентябр ойи тўлов рўйхатига чиқарилгани ва Халқ банкининг сайёр кассаси ходими томонидан 2020 йил сентябр ойида тўланганлик тўғрисида маълумот киритилгани, бироқ тўлаб берилмагани аниқланди.

Пенсия жамғармасига мурожаат қилганидан кейин фуқаронинг қонуний пенсияси жорий йилнинг 7 ноябр куни тўлаб берилиши таъминланди. Шунингдек, Навоий вилояти Хатирчи туманида истиқомат қилувчи фуқаро Г.Б. Пенсия жамғармаси “Ишонч телефони”га пенсия графикдан кечикиши бўйича мурожаат қилган.

Мурожаат ўрганилганда Халқ банкининг сайёр кассаси ходими томонидан дастурда “тўланди” белгиси қўйилиб, пенсия пули асоссиз равишда тўлаб берилмаганлиги аниқланди.

Пенсия тўловларини кечиктиришга йўл қўйган ходимлар билан меҳнат шартномаси бекор қилинди.

Бундан ташқари, жойларда сайёр касса ходимлари томонидан амалдаги тартибга зид равишда ишончномасиз тўлаш ҳолатлари аниқланмоқда. Самарқанд вилояти Тайлоқ туманида истиқомат қилувчи фуқаро Д.Г. 2020 йил 10 ноябр куни Пенсия жамғармаси “Ишонч телефони”га октябр ва ноябр ойлари пенсияси берилмаганлиги бўйича мурожаат қилган.

Мурожаат ўрганилганда бир неча фуқароларнинг 2020 йил октябр ва ноябр ойи тўлов рўйхатига чиқарилгани ва Халқ банкининг сайёр кассаси ходими томонидан амалдаги тартибга зид равишда ишончномасиз фуқаро Г.Т.га тўлаб берилганлиги аниқланди.

Пенсия жамғармасига мурожаат қилганидан кейин фуқаронинг қонуний пенсияси тўлаб берилиши таъминланди.

Пенсионерга пенсия тўлови кеч тўлаб берилиши ва ишончномасиз тўланиши ҳолатлари бўйича Марказий банки ва АТ “Халқ банки” бошқарувига тегишли чора кўриш бўйича хат юборилди.

Top